МЕДИА МАКОННИНГ ТОР ТУЙНУГИ
Глобал медиада урушлар ва сиёсий можаролар ёритилиши тенг эмас: Украина ёки Яқин Шарқ диққат марказида турган бир пайтда, Африка ва Жануби-шарқий Осиёдаги фожиалар етарлича кўринмайди. Бунга геосиёсий манфаатлар, “янгилик қиммати” ва аудитория психологияси таъсир қилади.
Глобал ахборот маконида урушлар, гуманитар инқирозлар ва сиёсий можаролар ҳақидаги хабарлар миллионлаб одамларнинг фикрини шакллантиради. Бироқ барча фожиалар ҳам бир хил даражада ёритилмайди. Масалан, Украинадаги уруш ёки Яқин Шарқдаги зиддиятлар халқаро медиада учун асосий мавзу бўлиб қолмоқда. Сомалидаги очарчилик, Судан ва Ямандаги гуманитар инқироз, Мъянмадаги диктатура босими – бу мавзулар кўпинча эътибордан четда қолади. Хўш, нега?
Геосиёсий манфаатлар – мавзу танлашда асосий омил
Халқаро медиа биринчи навбатда йирик давлатларнинг сиёсий ва иқтисодий манфаатлари билан боғлиқ ҳудудларга эътибор қаратади.
Украинадаги уруш Европа хавфсизлиги, НАТО, Россия ва Ғарб муносабатлари билан боғлиқ. Яқин Шарқ эса нефть, энергетика, миграция ва хавфсизлик нуқтаи назаридан дунё сиёсати марказида туради.
Африка мамлакатлари, Жануби-шарқий Осиё глобал сиёсий ўйинчилар учун ҳозирча стратегик аҳамият касб этмайди. Уларнинг муаммоларидан кўпинча бехабар қоламиз.
“Янгилик қиммати” ва медиа психологияси
Медиа муҳитида “янгилик қиммати” деган тушунча бор. Катта давлатлар иштирокидаги урушлар, ракета ҳужумлари, сиёсий баёнотлар ва геосиёсий таҳдидлар аудиторияни тезроқ жалб қилади. Телевидение ва ижтимоий тармоқ алгоритмлари ҳам шов-шувли, драматик ва сиёсий кескинликка бой мавзуларни «айлантиради». Кичик мамлакатларнинг йиллар давомида қўпчиб, газак оладиган муаммолари – очлик, қурғоқчилик ва қашшоқлик медиа қимматга эга эмас.
Ижтимоий тармоқлар таъсири
Замонавий медиани ахборотдан кўра кўпроқ аудитория қизиқишлари бошқаради. Украина ёки Яқин Шарқдаги воқеалар ижтимоий тармоқларда йирик муҳокамаларга сабаб бўлади. Блогерлар, машҳур шахслар, Юлдуз тройной ҳожионадан тортиб, Яндексчи киракаш Шоазиз ҳам геостратег сиёсатчига айланган ўзиям.
“Медиа туйнук” нимага олиб келади?
Ахборот манбаларида кам ёритиладиган инқирозларга халқаро ёрдам ҳам камроқ ажратилади. Чунки жамоатчилик босими бўлмаган жойда сиёсий ҳаракат ҳам сустлашади. Миллионлаб инсонлар “кўринмас фожиа” қурбонига айланяпти. Лекин дунёдаги барча инсон фожиалари ҳам бир хил қийматга эга эмасдек. Ахборот оқимида қайсидир мамлакатлар мамлакатлар «юлдуз» мақомида, бошқалари эса ўгай бола мисоли четга сурилган. Геосиёсий манфаатлар, медиа иқтисоди, аудитория психологияси ва глобал ахборот тизимидаги тенгсизлик натижаси бу.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг