БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури Сомалида миллионлаб аҳоли озиқ-овқат танқислигидан азият чекаётгани, юз минглаб оилалар эса ҳақиқий очарчилик хавфи остида қолаётганини маълум қилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, қарийб олти миллион киши – мамлакат аҳолисининг учдан бир қисми – жиддий озиқ-овқат етишмовчилигини бошдан кечирмоқда. Шундан икки миллионга яқин одамлар очлик ёқасида турибди.

Айниқса болаларнинг аҳволи оғир: деярли икки миллион бола тўйиб овқатланмаяпти, уларнинг кўпчилиги шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож.

Мутахассислар инқирознинг бир нечта сабабларини кўрсатмоқда. Энг асосий омиллардан бири – узоқ давом этаётган қурғоқчилик. Мамлакатда кетма-кет бир неча мавсум давомида ёмғир кам ёққани сабабли сув манбалари қуриб бормоқда, чорва нобуд бўлиб ва ҳосил камайган. Ҳаёти деҳқончилик ва чорвачиликка боғлиқ бўлган қишлоқ аҳолиси учун бу жуда катта зарба.

Вазиятни қуролли можаролар ва мамлакатдаги сиёсий беқарорлик янада мураккаблаштирмоқда. Фуқаролар зўравонлик ва очликдан қочиб, ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Лагерларда озиқ-овқат, тоза сув ва тиббий ёрдам етишмайди.

Айни дамда дунёда озиқ-овқат ва ёқилғи нархларининг ошиши ҳам муаммони кучайтириб юборди. Гуманитар ташкилотлар молиявий етишмовчиликка дуч келаётгани сабабли ёрдам ҳажми қисқарган.

Агар халқаро ҳамжамият зудлик билан чоралар кўрмаса, инқироз кенг кўламли гуманитар фалокатга айланиши мумкин. Жаҳон озиқ-овқат дастури донор давлатларни молиявий ёрдамни оширишга ва озиқ-овқат ҳамда дори-дармон етказиб беришни тезлаштиришга чорлаяпти.

Сомалидаги гуманитар фожиа Россия-Украина ҳамда Яқин Шарқдаги урушлар фонида иккинчи даражали масаладек зарур эътиборсиз қолиб кетяпти.