ТРАМПНИНГ НАТОГА НИСБАТАН ҒАЗАБИ БОСИЛМАЯПТИ
Доналд Трамп АҚШнинг НАТОдаги европалик иттифоқчилари Эрон можаросида Вашингтонни етарлича қўллаб-қувватламади, деб танқид қилмоқда. АҚШ қўшинларини қисқартириш ва Германияда ракета жойлаштириш режасидан воз кечиш Европа хавфсизлигига босимни оширмоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп НАТОдаги европалик иттифоқчиларга нисбатан босимни кучайтирмоқда. Bloomberg хабарига кўра, Вашингтон альянс давлатларининг Эрон можаросида АҚШни етарлича қўллаб-қувватламаганидан норози.
Европа учун энг жиддий хавфлардан бири АҚШ қўшинларининг қитъадан кенг миқёсда олиб чиқилиши бўлиши мумкин. Аввалроқ Германиядан минглаб америкалик ҳарбийлар чиқарилиши ҳақида хабар берилган эди. Энди эса бу жараён яна давом этиши эҳтимоли муҳокама қилинмоқда.
Бундан ташқари, Вашингтон Германияда узоқ масофали ракеталарни жойлаштириш режасидан ҳам воз кечиши мумкин. Бу эса Европанинг мудофаа салоҳиятига жиддий таъсир кўрсатади. Чунки АҚШ ҳарбий иштироки узоқ йиллар давомида қитъа хавфсизлигининг асосий таянчларидан бири бўлиб келган.
Трамп маъмуриятининг асосий даъвоси шундаки, НАТОдаги айрим давлатлар АҚШ манфаатлари йўлида етарли фаоллик кўрсатмаяпти, аммо ўз хавфсизлигини ҳамон Вашингтон ҳисобидан таъминлашни истайди. Шу боис Оқ уйда Европага нисбатан қаттиқроқ чоралар кўриш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Мутахассисларга кўра, агар АҚШ қўшинлари сони қисқарса ва ракеталарни жойлаштириш режаси тўхтатилса, бу НАТО ичидаги келишмовчиликларни янада кучайтиради. Европа давлатлари эса ўз мудофаа харажатларини оширишга ва АҚШга камроқ таянишга мажбур бўлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг