Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “гуруҳбозлик” ва дарс жараёнларига муносабат юзасидан саволлар кўтарилмоқда

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ўқув жараёни, айрим раҳбар ходимларга ажратилган дарс соатлари, талабаларнинг турли тадбирларга жалб этилиши ҳамда бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан жиддий саволлар пайдо бўлмоқда.

Маълумки, ҳар бир таълим муассасасида дарс жараёни асосий ва муқаддас вазифа саналади. Бироқ мурожаатда таъкидланишича, мазкур институтда асосий эътибор кўпроқ мутахассислик фанларига қаратилиб, гуманитар фанлар тўлиқ ва тизимли ўтилмаётгани айтилади.

Институтда кутубхона-ахборот фаолияти, менежмент, туризм каби йўналишларда ҳам талабалар таҳсил олади. Аммо айнан ушбу йўналишларда дарс машғулотларининг сифати ва давоматига етарлича эътибор берилмаётгани иддао қилинмоқда.

Шунингдек, талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтказилиши керак бўлган тадбирлар амалда дарс жараёни ҳисобига ташкил этилаётгани айтилмоқда. Мурожаат муаллифларига кўра, айрим талабалар дарсларда қатнашиш ўрнига турли расмий тадбирларда томошабин сифатида иштирок этишга жалб қилинмоқда. Бу эса бўлажак мутахассисларнинг билим олишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Яна бир эътироз спорт мусобақаларида ғолибларга ваъда қилинган совғалар билан боғлиқ. Таъкидланишича, мусобақалар учун бюджетдан маблағ ажратилса-да, тақдирлаш жараёнига келганда ваъда қилинган қимматбаҳо совғалар берилмаган, бу масъулият эса деканатлар зиммасига юкланган. Агар бу ҳолат тасдиқланса, маблағлар сарфи ва ҳисобдорлик масаласи жиддий ўрганилиши лозим.

Мурожаатда институт раҳбарияти ва айрим проректорларга ажратилган дарс соатлари бўйича ҳам саволлар қўйилган. Хусусан, институт ректори, проректорлар Шоҳбек Эргашев, Собир Мадиев, Салим Мадартов ва раҳбариятга яқин деб кўрсатилаётган бошқа шахсларга дарс соатлари берилгани, бироқ уларнинг айримлари икки йил давомида мазкур дарсларни ўтмасдан иш ҳақи олгани иддао қилинмоқда.

Агар бу маълумотлар ўз тасдиғини топса, бу нафақат таълим сифатига, балки давлат маблағларидан мақсадли фойдаланиш масаласига ҳам дахлдор ҳолат ҳисобланади. Чунки дарс ўтилмаган ҳолда унга ҳақ тўланиши бюджет маблағларининг самарасиз сарфланиши сифатида баҳоланиши мумкин.

Шу билан бирга, мурожаатда институтда илмий даража ва унвонлар олиш жараёнида ҳам адолат мезонларига риоя қилинмаётгани ҳақида фикр билдирилган. Айрим малакали педагоглар илмий даража ва унвон олишда турли тўсиқларга дуч келаётгани, раҳбариятга яқин шахслар эса бу жараёнлардан осон ўтаётгани айтилмоқда. Хусусан, Шоҳбек Музаффаровичга доцент илмий унвони берилгани юзасидан ҳам саволлар кўтарилган.

Мурожаатда кадрлар сиёсати бўйича ҳам эътирозлар мавжуд. Унда айрим раҳбар шахслар ўз яқинлари, курсдошлари ва танишларини юқори лавозимларга жойлаштираётгани, уларнинг малака ва салоҳияти етарли бўлмаса-да, масъул вазифаларда ишлашига шароит яратилаётгани иддао қилинган.

Бундан ташқари, институтда таъмирлаш ишлари учун харид қилинган бўёқ маҳсулотлари нархи бўйича ҳам шубҳали ҳолат тилга олинган. Мурожаатда айтилишича, бозорда 45 минг сўм атрофида бўлган бўёқлар кирим ҳужжатларида 95 минг сўмдан расмийлаштирилган. Шунингдек, Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан ҳомийлик асосида ажратилаётган маблағлар тақдири ҳам очиқ ва шаффоф эмаслиги айтилмоқда.

Мазкур иддаолар жиддий текширувни талаб қилади. Институтда таълим сифати, дарс машғулотларининг тўлиқ ўтилиши, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши, кадрлар сиёсати ва илмий унвонлар бериш жараёни бўйича тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан холис ўрганиш ўтказилиши мақсадга мувофиқ.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти раҳбарияти, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда бошқа масъул идоралар муносабати кутилмоқда. Расмий изоҳ тақдим этилса, у ҳам жамоатчиликка етказилиши лозим.