UZАUTO MOTORSДА ҚОНУНГА РИОЯ ҚИЛИШНИ НАЗОРАТ ҚИЛУВЧИЛАРНИ КИМ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ?
UzAuto Motors муҳандиси судда интизомий жарима буйруғини бекор қилдирди: корхона жазо қўллаш муддатини бир кунга кечиктиргани қонунбузарлик деб топилди. Комплаенс хизмати иш усули ва ходимларга муносабат бўйича ҳам саволлар очиқ қолмоқда.
«UzAuto Motors»даги вазиятдан хавотирда эканини билдирган ходимлар номидан Элтузарга мурожаат келиб тушди. Унда Комплаенс хизматининг иш усуллари, ходимларга муносабат ва хизмат харажатларини мустақил ўрганиш сўралган. Мурожаатга илова қилинган суд қарори эса корхонада ходимга интизомий жазо қўллашда қонун талаби бузилганини кўрсатади.
Фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро суди 2026 йил 13 мартда «UzAuto Motors» муҳандиси Азимжон Абдуманноповнинг даъвосини қисман қаноатлантирган. Суд корхона бош директорининг унга интизомий жарима қўллаш ҳақидаги буйруғини ғайриқонуний деб топиб, бекор қилган.
Қарорга кўра, корхона ходимга ундан ушлаб қолинган 2 миллион 700 минг сўмни қайтариши, 7 миллион 908 минг 506 сўм маънавий зарар ва 41 минг 200 сўм почта харажатини тўлаши белгиланган. Шунингдек, корхонадан давлат фойдасига 1 миллион 236 минг сўм бож ундириш буюрилган.
Низо меҳнат муҳофазаси, саноат хавфсизлиги ва экология бўлими муҳандисига нисбатан ўтказилган хизмат текширувидан бошланган. Суд ҳужжатида қайд этилишича, цех бригадири муҳандис ишчига интизомий жазо қўлламаслик эвазига бир миллион сўм сўрагани ҳақида билдирги берган.
Абдуманнопов судда бу айбловни рад этиб, олган пули ходимлар билан «касса ўйнагани»га боғлиқ эканини айтган. Корхона вакили эса ходимнинг айби хизмат текширувида исботланганини билдириб, даъвони рад этишни сўраган.
Суд буйруқни айблов исботланмагани учун эмас, жазо қўллаш муддати бузилгани учун бекор қилган. Қарорда ходимнинг меҳнат интизомини бузгани тасдиқлангани ҳам қайд этилган. Демак, ушбу ҳужжатни ходим барча айбловлардан оқлангани сифатида тақдим этиш тўғри бўлмайди.
Бироқ иш берувчининг қонун талабини бузгани ҳам суд хулосасидир. Хизмат текшируви далолатномаси 2025 йил 25 июлда имзоланган, жазо қўллаш ҳақидаги буйруқ эса 26 августда чиқарилган. Суд ҳисобича, белгиланган бир ойлик муддат 25 августда тугаган. Шу даврда ходим таътилда ёки вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлмаган.
Натижада жазолашдаги бир кунлик кечикиш буйруқнинг бекор қилинишига ва корхона зиммасига қўшимча тўловлар юкланишига олиб келган. Қонунга риоя этилишини талаб қилаётган корхонада жазо қўллашнинг қонуний муддати нега назорат қилинмаган? Бунинг учун масъуллар фаолиятига баҳо берилганми?
Элтузарга йўлланган мурожаатда бундан кенгроқ муаммолар кўтарилган. Муаллифлар Комплаенс хизмати раҳбари Зоҳид Камоловнинг қарорлари ва ходимларга муносабатини холис текширишни сўраган. Улар хизмат айрим ҳолатларда бир томоннинг гапига таяниб, ходимларнинг изоҳ ва далилларини етарлича ўрганмаётганидан хавотир билдирган.
«Бир томоннинг гапи билан инсоннинг тақдири ҳал бўлмасин!» – дейилади мурожаатда.
Бу даъволар мустақил текширувни талаб қилади. Тақдим этилган суд қарори Зоҳид Камолов ёки мурожаатда тилга олинган бошқа шахсларнинг шахсий қонунбузарлигини белгиламайди.
Мурожаат муаллифлари Комплаенс хизмати ходимлари сони ва маош харажатларини ҳам очиқлашни сўрамоқда. Уларнинг фикрича, ортиқча штат ёки асоссиз харажатлар аниқланса, тежалган маблағни ишлаб чиқаришда меҳнат қилаётган ишчилар маошига йўналтириш масаласи кўриб чиқилиши керак. Бироқ хизмат штатлари ва харажатларига оид тасдиқловчи маълумотлар тақдим этилмаган.
«Биз имтиёз сўрамаймиз – адолат сўраймиз!» – деб ёзган муаллифлар. Улар аввал маҳаллий ахборот каналларига қилган мурожаатлари натижасиз қолганини ҳам билдирган.
«UzAuto Motors» раҳбариятидан ушбу эътирозлар юзасидан очиқ изоҳ зарур: ходимларнинг ўзини ҳимоя қилиш имконияти қандай таъминланади, Комплаенс хизмати қарорлари қандай текширилади ва қонунга зид жазо оқибатидаги харажатлар учун ким масъул?
Тақдим этилган материалларда корхонанинг ушбу мурожаатга жавоби мавжуд эмас. Суд қарорининг қонуний кучга киргани, шикоят қилингани ёки ижро этилгани ҳақида ҳам маълумот йўқ.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг