«Олий таълим тизимида тижоратлаштириш, ташқи инвестиция талаби меҳнат кодексига зид, қароқчилик ва юлғучликдир. Университет ўзи скопус базада қимматбаҳо аккаунт очиб бермасдан ўқитувчи, тадқиқотчилардан мақола талаб қилиши ҳам мантиққа зид» – ЖДПУ профессори.

Тижоратлаштириш дегани ўқитувчи ўз илмий ишланмаси, кашфиёти ёки малакаси учун университет ташқарисидан мижоз топиб, пул ишлаши керак. Педагоглар нимасини сотсин, дарсдан ташқари репититор бўлсинми?

Аслида, университетлар, институтлар ўз базасида мавжуд тадқиқотларни умумлаштириб, платформа яратиши ва мижозларга статистик, аналитик кўрсаткичларни сотиши керак. Лекин бизда бу талаб «пахта планини қўшиб ёзиб тўлдириш» қабилидаги товламачиликка айланди. Масалан, Жиззах давлат педагогика университетида ҳар бир ўқитувчига тижоратлаштириш деб университет ҳисоб рақамига 2 миллион- 2,5 миллион пул тушириш талаб қилинади.

Умуман олганда, барча давлат университетларида талаб шундай. Ўқитувчи бирор фирма билан келишиб, ёлғондан аллақандай мазмундаги шартнома тузади. Бирор ишни бажарганини ясаб кўрсатади. Сўнг ўз чўнтагидан фирмага пул бериб университет ҳисоб рақамига туширтиради. Орада бу «даромад»нинг солиқ ушланмалари ҳам бор. Номидан от ҳуркадиган кап-катта пропессўрлар ва дўхтир науклар мана шундай қилиб ўзини ўзи алдаб юрибди. Бутун бошли тизимда бирор ўқитувчи ёки раҳбар,«тўхтатинг бу сохтакорликни» демаяпти.

Иккинчи масала – ташқи инвестиция. Яъни университет таълим экспорти, хорижлик талабаларни жалб қилиш, халқаро танловларда иштирок этиш ҳамда хорижий инвесторларни топиб тараққиёт учун маблағ жалб қилиши, мамлакатимизга реал пул кириб келиши керак.

Лекин бу талаб яна оддий ўқитувчи гарданига тушмоқда. Ўқитувчилар ўз чўнтагидан хорижга конференцияга чиқади, чет элда малака ошириб келади, онлайн ҳамкорлик қилиб, барча харажатлар чет эл мамлакати томонидан қопланди деган ҳисоботлар ясашади. Жиззах давлат педагогика университетида ҳам, бошқа давлат университетларида ҳам жараён бир хил.

«Ҳозир ойлигимиз яхши, илгаригидек йўқсил эмасмиз. Лекин яхшилаб ҳисобласангиз ойликнинг 30 фоизини мана шу инвестиция, скопус мақола ва тижоратлаштиришга сарфлаяпмиз. Университет фақат ҳаражат юклайди, бирор марта чет эл сафаримизни қоплаб бермайди» – дейди ЖДПУ ўқитувчилари.

Ана энди СКОПУС талаби деган фитнага тўхталсак. Университетлар ва ОАК скопус ҳақида талабларни қўя бошлагач, турли курслар, мастер-класслар олиб борадиган «мақола конвеерчилар»нинг ошиғи олчи бўлди.

Бундай мураббийлар онлайн курсида номутахассислик соҳалари бўйича ҳам мақола ёзишни ўргатади. Нашрларга ёқиш стратегияси ҳақида сўз юритишади. Заволли ўқитувчилар шу талабни бажараман дея турли фирибгарлар, клон журналлар қармоғига тушмоқда.

Хўш, дунёда СКОПУСга муносабат қандай? Тўғри, ушбу база қатъий стандартлари билан машҳур. Лекин амалда энг кўп индексланган мақола дегани энг оламшумул янгилиги бор дегани эмас. Масалан, Хитой олимлари индексланиш бўйича етакчи, уларни ўз мамлакати доирасида бошқа тадқиқотчилар ўз мақолаларида эслайди. Демак, биргина шу кўрсаткич билан мамлакатни илм соҳасида етакчи дейиш калтабинлик.

Университетлар халқаро рейтингни кўтариш учун тадқиқот мактаблари юритиб, жамоани бир йирик илмий муаммо атрофида бирлаштириши, сўнг яхлит команда СКОПУСга салмоқли тадқиқотлар мақоласини юбориши керак.

Биздачи? Яккам-дуккам талаб, режа ва босим бор холос. Ҳай баракалла деб СКОПУС индексацияни кўтариб халқаро рейтингда ўсиш – асосий мақсад. Фақат статистика билан пойгада ютиш муддао. Дарс сифати, кадрларнинг мантиқий тафаккур қобилияти, битирувчиларнинг ҳақиқий салоҳияти охирги ўринда қолиб кетяпти.

«Кўр-кўрона библиометрик «скопусбозлик» Жиззах Давлат педагогика университетида ҳам талабга айланди. Ҳақиқий илмий мақола шарт эмас, ҳеч бўлмаса библиометрия таҳлили ва статистика асосида мақола ёзишимиз керак. Муҳими сон ҳисобида индексация кўтарилсин, асл илмий гипотеза ҳеч кимни қизиқтирмайди» – дейди ЖДПУ профессорлари.

Илмий салоҳият статистикасини кўтариш учун маъмурий ёндашувни ҳатто Олий Аттестация Комиссияси ҳам қўллаб-қувватлаётгани ачинарли ҳол. Тадқиқотчилардан иккита скопус мақола талаб қилишдан аввал уларга СКОПУС базасига кириш учун шароит яратиш керак эмасми? Элтузарда мавжуд маълумотларга кўра, барча давлат университетлари СКОПУС пойгаси бошлашди. Лекин шу университетларнинг аксариятида СКОПУС базасига кириш учун йиллик рухсатнома йўқ. Чунки, бундай рухсатнома учун мўмай пул тўлаш шарт. Университет ўқитувчиларга, тадқиқотчиларга шу базадан очиқ фойдаланиш имконини бермасдан, ҳимояга чиқиш учун икки дона СКОПУС мақола талаб қилиши кулгили абсурд.

«Аввал шароитни яратиб, кейин талабни кучайтиришсин. ОАК очиқ ҳисобот берсин, ҳузурида илмий кенгаш мавжуд бўлган нечта университетнинг СКОПУС аккаунти бор? Тадқиқотчилар 10-17 минг доллар тўлаб аккаунт очолмайди. Шунинг учун фирибгарларга алданяпмиз» – дейди ЖДПУ тадқиқотчиси.

Таълим тизимимиз ва илм-фанимиз шунча ёлғон, шунча сохтакорлик ва адолатсизлик устига қурилган бир пайтда Фанлар Академияси раҳбари диссертантларга эътироз билдирмоқда. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги эса даромад ҳамда инвестиция миқдори ортгани ҳақида ҳисоботлар топширяпти. КРУ деган иқтисодий жиноятларни текширувчи орган ўқитувчилардан тижоратлаштириш талаб қиладиган университетларни тафтиш қилмаяпти.

Шу зайлда ўзимизни алдашдан чарчамаймизми?