ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДА 11ТА ИНТЕРНЕТ ФИРИБГАРЛИГИ ФОШ ЭТИЛДИ
Тошкент вилоятида ижтимоий тармоқлардаги сохта савдо эълонлари орқали камида 11 нафар фуқарони алдаган, бир неча бор фирибгарлик учун судланган 18 ёшли йигит қўлга олинди. Унга 10,6 миллион сўмлик моддий зарар етказганлик юзасидан айб қўйилмоқда.
Тошкент вилоятида ижтимоий тармоқлар орқали сохта савдо эълонлари жойлаштириб, фуқароларнинг пул маблағларини қўлга киритишда гумонланаётган 18 ёшли йигит ушланди. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг ҳаракатлари оқибатида 11 нафар фуқарога жами 10 миллион 600 минг сўм моддий зарар етказилган.
Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ Кибержиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси маълум қилди.
Аниқланишича, Сирдарё вилоятида туғилган 18 ёшли йигит муқаддам ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, яъни фирибгарлик жинояти учун бир неча бор судланган.
Тергов версиясига кўра, гумонланувчи Instagram ва Telegram ижтимоий тармоқларида сохта саҳифалар ташкил этиб, автомобиль эҳтиёт қисмлари, тормоз колодкалари, аксессуарлар, шунингдек, Дубай ва Кореядан келтирилгани айтилган замонавий телефонларни бозор нархидан арзон сотиш ҳақида эълонлар жойлаштирган.
Харидорларнинг ишончини қозониш мақсадида у бозорлар ва савдо дўконларида тасвирга олинган видеолардан фойдаланган. Шу тариқа маҳсулотлар ҳақиқатан ҳам мавжудлиги ва буюртма берилган тақдирда етказиб берилиши ҳақида тасаввур уйғотган.
Гумонланувчи фаолияти давомида танишлари номига расмийлаштирилган бир нечта телефон рақамларидан фойдаланган. Харидорлар эълонларга ишониб, кўрсатилган банк карталарига олдиндан тўловларни амалга оширган. Бироқ пул ўтказилганидан кейин сотувчи улар билан алоқани узган ва буюртма қилинган товарларни етказиб бермаган.
Жабрланувчилардан бири Нурафшон шаҳрида яшовчи фуқаро бўлиб, у автомобиль эҳтиёт қисмларини сотиб олиш мақсадида 1 миллион 940 минг сўм пул ўтказган. Маҳсулотни ололмаган фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.
Тезкор суриштирувлар давомида гумонланувчининг бошқа шу каби ҳолатларга ҳам алоқадорлиги аниқланган. Вилоят ИИБ тарқатган видеолавҳада йигит 950 нафар обуначига эга Instagram аккаунтини сотиб олганини ва унда арзон нархларда автомобиль тормоз колодкаларини сотиш ҳақида эълонлар берганини билдирган.
Унинг сўзларига кўра, харидорлар 300 минг сўмдан 2 миллион сўмгача маблағ ўтказган. Аммо буюртма қилинган маҳсулотлар уларга етказиб берилмаган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланган 11 та ҳолат бўйича умумий моддий зарар 10,6 миллион сўмни ташкил этган.
Ички ишлар органлари фуқароларни интернет орқали маҳсулот харид қилишда эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда. Хусусан, сотувчининг шахси ва савдо фаолияти ишончлилигини текширмасдан, номаълум шахсларнинг банк карталарига олдиндан пул ўтказмаслик тавсия этилмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг