ЯНГИ КОНСТИТУЦИЯГА ҚЎШИМЧА ВА ЎЗГАРТИШЛАР КИРИТИЛДИ
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги Конституциявий қонунни имзолади. Унга кўра, янги Конституциянинг қатор моддаларига ўзгартишлар киритилиб, марказ ҳудудида англо-саксон ҳуқуқ тизими ва махсус ҳуқуқий режим жорий этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2026 йил 13 июль куни “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги ЎРҚ-1158-сонли Конституциявий қонунни имзолади. Ҳужжат 1 июль куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 9 июль куни Сенат томонидан маъқулланган эди. Ушбу Конституциявий қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ўтгач кучга киради.
Қонуннинг 34-моддасига мувофиқ 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-, 109-, 131-, 134- ва 151-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг асосий мазмуни қуйидагилардан иборат.
Маълумки, жаҳон ҳуқуқ амалиётида асосан роман-герман ҳуқуқ тизими ва англо-саксон ҳуқуқ тизими ишлатилади. Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги роман-герман ҳуқуқ тизимига асосланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-, 131-, 134- ва 151-моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра Тошкент халқаро молия маркази ҳудудида махсус ҳуқуқий режим ўрнатилиши яъни, англо-саксон ҳуқуқ тизими ишлаши белгиланмоқда.
Шунингдек, қонуннинг 34-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра Тошкент халқаро молия маркази ҳудудида бошқача иш юритиш ва расмий ҳужжатларни қабул қилиш тили белгиланиши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, Тошкент халқаро молия маркази ҳудудида Марказий банк ва банклар, биржа, инвестициялар, инвестиция ва пай фондлари, акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган жамиятлар, хўжалик ширкатлари, хусусий корхоналар, бухгалтерия ҳисоби ва аудиторлик, баҳолаш фаолияти, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий, жиноий ишларни кўриш, валюта, электрон ҳужжат айланиши, қимматли қоғозлар бозори, суғурта, банкротлик, давлат божи ва божхонага оид муносабатлар, маъмурий тартиб-таомиллар, шахсга доир маълумотлар, тўловлар ва тўлов тизимлари, солиқ маъмурчилиги, меҳнат ва аҳоли бандлиги, давлат харидлари, лицензиялаш тартиб-таъмилларида алоҳида ҳуқуқий режим ишлайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатлари “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий, таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини шакллантиради ҳамда унинг Раҳбарини тайинлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ваколатлари қонун билан белгиланади.” мазмунидаги 24-1-прим банд билан тўлдирилди.
Мазкур қонун қабул қилиниши муносабати билан ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда (халқимиз ҳаётида) ижобий ўзгаришлар юз беради, кутилаётган натижаларни ҳисоб-китоб қилишда ва миқдорий кўрсаткичлар кўрсатилганда, кимларнингдир популистик қарашлари устун келмаган деб умид қиламиз.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг