Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани Бешёғоч маҳалласида янги сунъий кўл ва дам олиш маскани барпо этилмоқда. Лойиҳа доирасида яшил ҳудудлар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, фавворалар ҳамда замонавий меъморий иншоотлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Пойтахтда аҳоли сони ва қурилишлар кўлами ортиб бораётган бир шароитда янги дам олиш ҳудудларини ташкил этиш, албатта, муҳим. Бироқ бундай лойиҳаларни баҳолашда уларнинг ташқи кўриниши билан бирга, экологик самарадорлиги, қурилиш харажатлари ва келгусидаги сақлаш масалаларига ҳам эътибор қаратиш зарур.

Маълумотларга кўра, лойиҳанинг умумий майдони 23 минг квадрат метрни ташкил этади. Шундан 18 700 квадрат метри, яъни қарийб 81 фоизи сунъий кўл учун ажратилган. Кўлнинг сув сиғими 37 400 куб метр бўлиши кўзда тутилмоқда.

Ҳудудда 150 туп дарахт ва бута кўчатлари экиш, умумий узунлиги 4,6 километр бўлган пиёдалар ва велосипед йўлакларини барпо этиш, иккита фаввора ўрнатиш режалаштирилган.

Бу ерда бир жиҳат эътиборни тортади: ҳудуднинг катта қисми сув ҳавзасига ажратилаётган бўлса, аҳоли фойдаланиши мумкин бўлган яшил майдонлар қанчалик етарли бўлади?

Айниқса, Тошкентнинг ёзги иссиқ иқлими шароитида сояли дарахтлар, қулай ўриндиқлар, пиёдалар учун хавфсиз йўлаклар ва болаларга мўлжалланган ҳудудлар сунъий кўлнинг ўзи каби муҳим аҳамиятга эга.

Сунъий кўл барпо этиш фақат қурилиш билан тугамайди. Уни доимий равишда сув билан таъминлаш, сув сифатини сақлаш, тозалаш иншоотларидан фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш муайян харажатларни талаб қилади.

Шу нуқтаи назардан, лойиҳада кўл қайси манба ҳисобидан сув билан тўлдирилиши, буғланиш натижасида йўқотилган сув қандай қопланиши ва сув айланиши қай тарзда таъминланиши муҳим масалалардан ҳисобланади.

Шунингдек, қурилишнинг умумий қиймати, объект фойдаланишга топширилгандан кейинги йиллик эксплуатация харажатлари ва уларни молиялаштириш манбалари ҳақида жамоатчиликка батафсил маълумот берилиши мақсадга мувофиқ. Бундай очиқлик лойиҳага нисбатан ишончни ошириш билан бирга, унинг иқтисодий жиҳатдан қанчалик асосланганини баҳолаш имконини ҳам беради.

Лойиҳанинг ўзига хос қисмларидан бири — кўл ҳудудида ўрнатилиши режалаштирилаётган 30 метр баландликдаги айланувчи аркали рамзий дарвозадир. Унинг меъморий концепциясини ишлаб чиқишда италиялик мутахассисларнинг таклифлари ўрганилган, мураккаб техник ечимлар бўйича хорижий мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Албатта, замонавий меъморий ечимлар шаҳар қиёфасини бойитиши мумкин. Бироқ айланувчи конструкциянинг қурилиш қиймати, хавфсизлиги, энергия сарфи ва келгусидаги техник хизмат харажатлари ҳам ҳисобга олиниши керак.

Агар асосий мақсад аҳоли учун қулай дам олиш муҳитини яратиш бўлса, бундай мураккаб иншоотнинг амалий зарурати ва унга сарфланадиган маблағнинг қанчалик оқилона экани алоҳида асосланиши лозим.

ЯНГИ ДАМ ОЛИШ МАСКАНИ АҲОЛИГА ҚАНЧАЛИК ҚУЛАЙ БЎЛАДИ?

Янги ҳудуд «Magic City» ва Миллий боғга яқин жойлашган. Лойиҳа муаллифларининг кутилмаларига кўра, масканга кунига 3 минг нафаргача киши ташриф буюриши мумкин.

Бу эса транспорт қатнови, автомобиллар тўхташ жойлари, жамоат транспортидан фойдаланиш, пиёдалар хавфсизлиги ва санитария инфратузилмасига қўшимча талабларни юзага келтиради.

Шунингдек, ҳудудга кириш бепул бўладими, имконияти чекланган шахслар учун қандай қулайликлар яратилади, кўл атрофида болалар хавфсизлиги қандай таъминланади – булар ҳам жамоатчилик учун аҳамиятли саволлардир.

Бундан ташқари, янги лойиҳа яқин атрофдаги мавжуд яшил ҳудудлар ва дам олиш масканлари билан қандай боғланиши ҳам муҳим.

Тошкентда янги яшил ҳудудлар ва дам олиш масканлари ташкил этилаётгани ижобий ҳолат. Айниқса, шаҳарда дарахтлар сонини кўпайтириш, аҳолининг очиқ ҳавода дам олиши учун шароит яратиш ва мавжуд жамоат маконларини ободонлаштириш долзарб вазифалардан биридир.

Бироқ сунъий кўл қуришнинг ўзи экологик муаммоларга ечим бўла олмайди. Бунинг учун сувдан оқилона фойдаланиш, мавжуд дарахтларни асраш, янги кўчатларнинг ўсиб кетишини таъминлаш ва ҳудуднинг мунтазам парвар