КАМБАҒАЛЛИК ПСИХОЛОГИЯСИ
Мақолада камбағаллик фақат пул танқислиги эмас, балки имкониятлар, таълим, ижтимоий алоқалар ва психологик ҳолат билан чамбарчас боғлиқ мураккаб жараён сифатида таҳлил қилинади. Унинг авлоддан авлодга ўтиш сабаблари ҳам ёритилади.
Камбағаллик ҳақида гап кетганда, пул етишмаслиги, ишсизлик ёки қимматчилик назарда тутилади. Шунинг учун унга қарши кураш ҳам аҳоли даромадини ошириш, нафақа тайинлаш ва иш ўринлари яратиш деб ўйлаймиз. Камбағаллик фақат пул етишмаслиги бўлса, нега айрим одамлар даромади ошганидан кейин ҳам камбағалликдан чиқа олмайди? Нега бир хил даромадга эга икки оиланинг ҳаёт сифати ва келажак имкониятлари кескин фарқ қилади?
Нобель мукофоти соҳиби, иқтисодчи Амартия Сен камбағалликни инсоннинг асосий имкониятлардан маҳрум бўлиши нуқтаи назаридан таҳлил қилган. Унинг ёндашувига кўра, инсон фаровонлигини фақат қанча пул топаётгани билан белгилаб бўлмайди. У қандай ҳаёт кечира олиши, қандай таълим олиши, соғлиғини сақлаши ва жамият ҳаётида иштирок этиши ҳам муҳим.
Психологлар Сендхил Муллайнатан ва Элдар Шафир танқислик психологиясини тадқиқ қилиб, ресурслар етишмаслиги инсон диққатини бевосита ҳал қилиниши керак бўлган муаммоларга қаратишини тушунтирган.
Доимий қарз, озиқ-овқат харажати, ижара ҳақи ва коммунал тўловлар ҳақида ўйлайдиган инсон узоқ муддатли режаларга етарлича эътибор қилмайди. У келажакда катта фойда келтирадиган қарордан кўра бугунги муаммони ҳал қиладиган ечимни танлашга мажбур бўлади.
Масалан, кам даромадли оила фарзандининг қўшимча таълими учун маблағ ажратишни истайди, аммо бу пул кундалик эҳтиёжларга сарфланади. Орадан йиллар ўтгач, таълим имконияти чекланган фарзанд меҳнат бозорида ҳам қийинчиликка дуч келиши мумкин.
Бу ҳолатни ирода ёки ақл етишмаслиги билан изоҳлаш нотўғри. Танқислик инсоннинг танлов имкониятларини торайтиради. Баъзан эса танловнинг ўзи қолмайди.
Камбағалликнинг яна бир хавфли хусусияти — унинг авлоддан авлодга ўтишидир.
Социолог Пьер Бурдьё иқтисодий капиталдан ташқари маданий ва ижтимоий капиталнинг ҳам инсон ҳаётидаги аҳамиятини кўрсатган. Маданий капитал деганда билим, таълим, тил ва жамиятда қадрланадиган кўникмаларни тушуниш мумкин. Ижтимоий капитал эса инсоннинг алоқалари, танишлари ва ижтимоий муносабатларидан фойдаланиш имкониятлари дегани.
Бой оила фарзанди моддий таъминот билан бирга сифатли таълим, кенг ижтимоий алоқалар ва касбий йўналиш танлашда ёрдам олади. Камбағал оила фарзанди худди шу натижага эришиш учун кўпроқ тўсиқларни енгиши керак.
Шу тариқа иқтисодий тенгсизлик таълим ва ижтимоий имкониятлар тенгсизлигига айланади. Кейинчалик бу фарқ меҳнат бозорида намоён бўлади.
Жамият инсоннинг эришган натижасини унинг шахсий қобилияти билан боғлашга мойил, аммо бошланғич имкониятлар ўртасидаги фарқни етарлича ҳисобга олмайди. Узоқ давом этган иқтисодий қийинчиликлар баъзи одамларда ўз кучига ишончнинг пасайиши, ижтимоий четланиш ва келажакка нисбатан умидсизликни кучайтиради.
Психологияда Мартин Селигман тадқиқотлари билан боғлиқ ўрганилган ожизлик тушунчаси мавжуд. У инсон қайта-қайта назорат қила олмайдиган салбий вазиятларга дуч келганда, кейинчалик вазиятни ўзгартириш имконияти пайдо бўлса ҳам ҳаракат қилишга интилиши сусайиши мумкинлигини тушунтиради.
Бироқ бу назарияни барча камбағал одамларга нисбатан қўллаш мумкин эмас. Иқтисодий қийинчиликда яшайдиган кўплаб инсонлар фаол, ташаббускор ва мақсадга интилувчан бўлади. Муаммо характерда эмас, баъзан одам ҳаракати натижа бериши учун зарур шароитлар етишмайди.
Шунинг учун жамият камбағалликка қарши кураш натижасини фақат қанча одамга пул берилгани ёки қанча оила рўйхатдан чиқарилгани билан баҳоламаслиги керак. Асосий савол бошқача бўлиши керак.
Лекин қовоқбош, статистика кетидан қувган вазирлар буни илғамайди: кеча ёрдамга муҳтож бўлган инсон бугун мустақил, хавфсиз ва муносиб ҳаёт кечириш имкониятига эга бўлдими?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг