Каттақўрғон туманида фермерлар яна бир бюрократик тўсиққа дуч келди. Давлат топшириғи асосида пахтачиликда Хитойнинг “Шинжон” технологияси жорий қилинди, томчилаб суғориш тизимлари ўрнатилди, чигит экилиб, ҳосилга замин яратилди. Аммо энг зарур электр таъминоти масаласи ҳалигача ҳал бўлмаяпти.

Маълум бўлишича, трансформаторлар деярли тўлиқ тайёр ҳолда. Лекин Каттақўрғон тумани электр таъминоти раҳбарияти турли важ ва қоғозбозлик сабаблари билан уларни тармоққа улашни кечиктирмоқда. Оқибатда фермерлар идорама-идора сарсон: “отанга бор, онанга бор” қабилидаги муносабат.

Вақт ўтяпти. Томчилаб суғорилмаётган чигит қуриб кетиш хавфи остида. Миллиардлаб сўмлик техника учун кредит олган, табиат инжиқликларига қарши курашган фермрерлар оддий электр уланмаганлиги сабаб меҳнатига куйиб қолишлари мумкин.

Савол туғилади: бу кечикишлар ортида нима бор? Нега тайёр инфратузилма ишга туширилмаяпти? Ёки бу ерда фермер билмаган яна қандайдир “ёзилмаган қоидалар” борми?

Масъул идоралар, айниқса энергетика мутасаддилари ушбу ҳолатга эътибор қаратиши керак. Гап ўндан ортиқ фермерлар меҳнати ва тақдири ҳақида кетяпти.