Малака ошириш институти директори Тимур Калмуратов ҳақида Элтузарга навбатдаги мурожаат келиб тушди. Унда ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, айримларга юқори устама ва мукофотлар бериш, бошқаларнинг эса меҳнат ҳақлари тўланмай қолиши билан боғлиқ жиддий даъволар билдирилган.

Мурожаат муаллифининг айтишича, институт ходимлари меҳнат таътили пайтида ҳам тўлақонли дам ололмаган. Бу ҳақда Элтузарда мақола чиққанидан кейин раҳбарият йиғилиш ўтказиб, ходимларга кинояли тарзда «раҳмат» айтгани қайд этилмоқда.

Муаллиф мажбурий меҳнат бўлмагани ҳақидаги баёнотларга қўшилмайди.

Унинг иддаосича, ўқитувчи ва ходимлар меҳнатга жалб қилинган, шунингдек, ёлланма ишчилар учун ҳар бир ўқитувчидан пул йиғилган. Мурожаатда бу жараённи Бурхонхўжаева Хушнамо ташкил этгани даъво қилинмоқда.

Элтузарга юборилган қисқа видеода институтдаги иш жараёни акс этган.

Мурожаат муаллифи бухгалтерияга оид маълумотларга таяниб, директор Тимур Калмуратовга яқин деб кўрсатилган айрим ходимларга 200 фоизгача устама, мунтазам моддий ёрдам ва мукофот пуллари бериб борилаётганини ҳам иддао қилди.

«Жамоада кўзга кўринарли иш қилмаётган айрим ходимлар катта пул олади, оддий ўқитувчига эса бир сўм ортиқча берилмайди», – дейилади мурожаатда.

Шу билан бирга, институтнинг Тиллар кафедраси рус тили ўқитувчиси Клара Бекбергеновнанинг айрим ойлик маошлари тўлаб берилмагани, кейин эса у ишдан кетишга мажбур бўлгани ҳақида ҳам даъво қилинган.

Мурожаатда кафедра мудирларига нисбатан ҳам босим бўлгани айтилмоқда.

Муаллифнинг иддаосича, айрим кафедра мудирларига «илмий унвон олмасанг, ишдан бўшатаман» деган талаб қўйилган. Натижада айрим раҳбарлар лавозимидан кетган, бошқаларига эса қўшимча вақт берилгани айтилмоқда. Мурожаат муаллифи бу имтиёзлар айрим ҳолатларда пул эвазига берилганини ҳам даъво қилган.

«Бундай ўйин ва ноҳақликларнинг ниҳояси борми?» — дея савол қўяди мурожаат муаллифи.

Элтузарга мурожаат билан бирга ўқитувчи ва ходимларнинг иш жараёни акс этган видеолар ҳам тақдим этилган.