ҲАҚИҚАТДАН ҚЎРҚҚАНЛАР ТАНҚИДНИ ҒИЙБАТ ДЕБ АТАЙДИ
Мақолада авторитар тафаккур танқидни «ғийбат» ва «иғво» деб кўрсатиш орқали жамоатчилик назоратини камситиш усуллари ҳақида сўз боради. Муаллиф ҳақиқатни яшириш уринишлари эмас, балки очиқлик ва жавобгарлик жамият учун қадрли эканини таъкидлайди.
Авторитар тафаккурнинг энг характерли белгиларидан бири — танқидни душманлик, журналистик суриштирувни иғво, жамоатчилик назоратини фисқу фасод сифатида талқин қилишидир.
Тасаввур қилинг, масалан, янги қурилган мактабнинг томидан сув ўтаётганини ёздик. Масъуллар «Шунча яхши ишлар қилинмоқда, нега фақат камчилик қидирасиз?» дея эътироз билдирди. Мактабнинг томи шу билан бутун бўлиб қоладими?
Ёки давлат харидида оддий бозор нархидан икки баравар қиммат жиҳоз сотиб олинганини ҳужжатлар асосида кўрсатдик, давлат ташкилоти раҳбарининг гуруҳбозлиги ҳақида сўз юритдик. Бизга «Одамларнинг обрўсини тўкишдан мақсадингиз нима?» дейишади. Хўш, халқнинг пули қаерга кетгани ҳақидаги саволга ким жавоб беради? Муҳокама журналистнинг нияти, кимга хизмат қилаётгани, нега салбий хабар тарқатаётгани атрофида айлана бошлайди. Бунга ўрганиб ҳам қолганмиз.
Чунки шу ерда авторитар тафаккурнинг моҳияти очилади: муаммони кўтарган одам муаммонинг ўзидан ҳам каттароқ айбдорга айлантирилади.
«Ғийбат», «фитна», «иғво» каби сўзлар бу жараёнда қулай қурол вазифасини бажаради. Чунки жамиятимизда бу тушунчалар кучли ахлоқий қоралаш хусусиятига эга. «Жамият тинчлигини бузманг», «Давлатнинг обрўсини ўйланг», «Яхши ишлар ҳақида ҳам ёзинг» деган даъватлар орқали танқиднинг ўзи ижтимоий хавф сифатида кўрсатилади.
Ҳолбуки, давлатнинг обрўси унинг камчиликлари ҳақида қанча кам ёзилишига қараб белгиланмайди. Бу шўртумшуқ обрўни қонун устуворлиги, адолатли қарорлар, шаффофлик ва масъулларнинг жавобгарлиги белгилаши керак. Асосли танқидга жавоб очиқ ҳужжатлар ва аниқ фактлар билан берилиши керак. Автократ раҳбарлар бунга қодир эмас.
Биз эса мақолалар остидаги изоҳларда тўпланган «қаҳрамонларимиз» тарафдорларининг «фитна», «фисқу фасод», «туҳмат» деган важларига чалғимай, ўз йўлимизда давом этамиз.
Лавозим курсисини эгаллаб ўтирган айрим амалдорлар бизнинг фаолиятимиз ва сўзимиз қадрини ўз онгида пасайтиришга, шу орқали виждонини тинчлантиришга уринаётганини ҳам яхши биламиз. Улар учун ҳақиқатни айтган одамнинг обрўсини тушириш ҳақиқатнинг ўзига юзланишдан осонроқ.
Аммо ҳақиқатнинг қадри уни ким айтгани, ким қўллаб-қувватлагани ёки ким инкор этгани билан ўлчанмайди.
Ҳақиқат эгилмайди ҳам, синмайди ҳам. У баъзан таниш-билишчилик чирмовуқлари, манфаатлар тўқнашуви ва хушомадгўйлик деворлари ортида кўмилиб қолиши мумкин. Уни яширишга, овозини ўчиришга, ҳатто устидан кулишга уринишлари мумкин. Лекин буларнинг бирортаси ҳақиқатни ўзгартирмайди.
Ҳақиқатдан қочаётганлар уни ҳаммадан яхши билишади. Шунинг учун ҳам уни айтганлардан безовта бўлишади.
Элтузар безовта қилишда, тинч турган ботқоқни лойқалатишда давом этади. Чунки сукут сақлаш қулай бўлган жойда ҳақиқатнинг қадри янада баланд.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг