АҚШдаги Johns Hopkins университети тадқиқотчилари сунъий интеллект бошқарувидаги жарроҳлик роботи ўт пуфагини олиб ташлаш операциясининг мураккаб босқичини инсон қўли назоратисиз муваффақиятли бажарганини маълум қилди.

SRT-H деб аталувчи тизим чўчқа ўт пуфаги моделларида синовдан ўтказилган. Тадқиқотчиларга кўра, робот илгари кўрмаган 8 та янги моделда операцияни 100 фоиз муваффақият билан якунлаган.

Бу ҳали инсон беморларда бажарилган операция эмас. Аммо олимлар ушбу натижани автоном жарроҳлик роботлари йўлидаги муҳим босқич сифатида баҳоламоқда.

SRT-H тизими 18 мингга яқин жарроҳлик ҳаракатлари намуналари асосида ўқитилган. У бу намуналарни чўчқа жасадларида бажарилган операциялар видеолари орқали ўрганган. Кейин эса робот илгари учратмаган анатомик ҳолатларда мустақил ишлаши синовдан ўтказилган.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу роботни аввалги жарроҳлик роботларидан фарқли қилган жиҳат – унинг мослашувчанлигидир.

Аввалги автоном роботлар кўпинча олдиндан белгилаб қўйилган тўқима нуқталари, аниқ харита ва қатъий кўрсатмаларга муҳтож бўлган. Яъни улар фақат олдиндан “ўргатилган йўл” бўйлаб ҳаракат қилган.

SRT-H эса операция вақтида анатомияни реал вақтда “ўқиши”, кейинги ҳаракатни ўзи танлаши ва хатога йўл қўйганда уни ўзи тузатиши билан фарқ қилади.

Синов давомида робот ўт пуфаги операциясининг 17 та кетма-кет вазифасини бажарган. У йўллар ва артерияларни аниқлаган, махсус клипларни жойлаштирган ва тўқимани қайчи ёрдамида кесган.

Тадқиқотчилар роботнинг кутилмаган ҳолатлардаги ҳаракатини ҳам текширган. Жумладан, операция майдонига қонни тақлид қилувчи қизил бўёқ киритилган. Бу ҳолат робот олдиндан ўқитилган сценарийларда бўлмаган. Шунга қарамай, тизим ўз ишини давом эттирган.

Робот баъзи ҳолатларда хатога яқинлашган, аммо ўзини тўғрилаган. Масалан, ушлаш нуқтасидан ўтиб кетганда қайта мослашган, нотўғри найчани клиплаш хавфи пайдо бўлганда эса ҳаракатини тўхтатиб, қарорини ўзгартирган.

SRT-H тизими ChatGPT каби йирик тил моделларида қўлланадиган машинали ўқитиш архитектурасига асосланган. Шу сабабли у жарроҳлик гуруҳининг оғзаки буйруқларини ҳам тушуниб, уларга реал вақтда жавоб қайтара олади.

Мутахассислар буни жарроҳлик робототехникасида муҳим бурилиш нуқтаси деб атамоқда. Чунки бу ерда робот фақат олдиндан берилган буйруқларни бажармаган, балки вазиятни таҳлил қилиб, операция давомида қарор қабул қилган.

Шу билан бирга, олимлар инсонларда тўлиқ автоном операциялар ҳали яқин келажакда амалиётга кириб келмаслигини таъкидламоқда. Бундай тизимлар клиник қўлланишга ўтиши учун хавфсизлик, ишончлилик, ҳуқуқий жавобгарлик ва ахлоқий назорат бўйича кўп босқичли синовлардан ўтиши керак.

Бироқ Johns Hopkins тадқиқотчилари кўрсатган натижа тиббиёт тарихида муҳим белги сифатида қаралмоқда: робот жарроҳликда фақат механик ижрочи эмас, балки вазиятни англаб, хатосини тузата оладиган автоном ёрдамчига айланиши мумкинлигини исботлади.