ШОҲРУХ ҒИЁСОВ «ЛАВОЗИМИДАН ОЗОД ЭТИЛДИ» САРЛАВҲАСИ ҚАЧОН «ТЕПИЛДИ»ГА АЙЛАНДИ?
Шоҳрух Ғиёсовнинг ИИВдаги лавозимидан озод этилиши ҳақидаги хабар қай тарзда «тепилдими?» деган шов-шувли сарлавҳаларга айланди? Матбуот услуби, бир сўзнинг обрўга таъсири ва манба билан текшириш одати ҳақида сатиравий мулоҳаза.
Куни бўйи далада ишлаган ҳўкиз кечқурун итга деди.
– Жуда чарчадим. Эртага бир оз дам олсам яхши бўларди.
Ит отга «Ҳўкизнинг эртага ишлагиси йўқ экан», деди.
От эса хўрозга «Ҳўкиз эртага ишламас экан», деб етказди.
Хўроз эса хўжайиннинг олдига чопди.
– Хўжайин, ҳўкиз ишлашдан бош тортибди!
Эртаси куни ҳўкиз одатдагидек далага чиқишни кутиб турди. Хўжайин эса, лом-мим демай, ҳўкизни сўйворди.
Молхонада ахборот хизмати тезкор эди. Фақат ҳўкизнинг ўзи билан боғланишга ҳеч кимнинг ё вақти ёки истаги бўлмади.
Ўзбек матбуоти ички ишлар вазирининг матбуот котиби, ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов вазир буйруғи билан лавозимидан озод этилганини ёзди. Кейин эса Ғиёсов фаолиятини ички ишлар тизимидан ташқарида давом эттиради деб ёзишди. Қарорнинг сабаби очиқланмади.
Лекин «сабаби очиқланмаган» деган жумла сарлавҳада анча жой олади. «Тепилди!» эса битта сўз. Ҳам ихчам, ҳам ўқувчига бу жазо бўлган деган таассуротни тайёр ҳолда беради. Сабабини ўқувчилар изоҳларда ўзлари тўлдириб кетишади. Шундай ҳам бўлди. Алалоқибат, «лавозимидан олинди» деган гап «тепилди»гача етиб борди.
Обрўга путур етказиш учун баъзан ҳар ким биттадан сўз қўшса кифоя. Кейин ҳамма «Мен эшитганимни айтдим», дейди. Ҳўкиз эса ўша куни фақат дам олишни ўйлаган эди.
Кейинги сафар биров ҳақидаги шов-шувли хабарни улашишдан олдин бировнинг ўзидан сўрайлик «Ока, нима бўлди?» деб.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг