МОСКВАДА «ШАҲИД ЎЗБЕКЛАР» ЁДГОРЛИГИ ҚАЙТА ОЧИЛДИ
Москва марказида «шаҳид ўзбеклар» ёдгорлиги шаҳар бюджети ҳисобидан таъмирланиб, қайта очилди. Мақола маросим, ёзувнинг «тарихий учрашув» деб ўзгариши ва москваликлар нуқтаи назарини сатира орқали ёритади.
Тасаввур қилинг, ўрислар Тошкентни эмас, ўзбек қўшинлари Москвани эгаллаганига юз эллик йил бўлди. Ўша куни шаҳарни ҳимоя қилган москваликлар билан тўқнашувда бир неча ўзбек аскари ҳалок бўлган. Бугун Москва марказида улар хотирасига қурилган ёдгорлик шаҳар бюджети ҳисобидан таъмирланиб, тантанали равишда қайта очилди.
Маросимда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси қатнашди. Москва мэри меҳмонларга ёдгорликни кўрсатар экан, таъмирнинг энг нозик жойи пешлавҳа бўлганини айтди. Ундаги «Москвани эгаллаш чоғида ҳалок бўлган аскарлар» деган ёзув ўрнига «Москва билан тарихий учрашув чоғида ҳалок бўлган аскарлар» деб ёзилди.
- «Учрашув» дегани яхши экан, – деди орқа қаторда турган бир москвалик. – Бобомнинг бобоси ўша куни уларни уйига таклиф қилган экан-да?
Журналист мэрдан шаҳарни ҳимоя қилиб ҳалок бўлган москваликларнинг ҳам ёдгорлиги бор-йўқлигини сўради.
- Бор, – деди мэр. – Лойиҳаси бор. Маблағ масаласини келаси йил кўриб чиқамиз.
Кечқурун шаҳар телеканали маросимни «Тарихий хотирага ҳурмат» сарлавҳаси билан берди. Лавҳа охирида бошловчи таъмир учун Москва солиқ тўловчиларига миннатдорлик билдирди.
Эртаси куни ўша москвалик мэрияга хат ёзди:
«Келаси йил боболаримизга ҳам ёдгорлик қўйсангиз, очилишига борамиз. Бу сафар ҳеч бўлмаса меҳмон сифатида чақиринг. Ҳомий сифатида қатнашиб бўлдик».
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг