ШОФИРКОНДА АҲОЛИ БУЗИЛГАН КЎПРИКЛАРНИ ТИКЛАШНИ СЎРАМОҚДА
Шофирконнинг Жўйрабод маҳалласида ариқни бетонлаштириш вақтида хонадонларга олиб чиқувчи хусусий кўприклар бузилиб, асфальт қопламалари ҳам шикастлангани айтилмоқда. Аҳоли лойиҳа асослари, сарфланган маблағ ва етказилган зарар юзасидан текширув талаб қилмоқда.
Бухоро вилояти Шофиркон тумани Жўйрабод маҳалласи аҳолиси ариқни бетонлаштириш чоғида хонадонларга кириш учун фойдаланиб келинган кўприклар бузилганини айтмоқда. Элтузарга йўлланган мурожаатда айтилишича, «Очиқ бюджет» орқали 1,6 миллиард сўм ажратилган лойиҳа доирасида янги асфальт қопламасининг айрим қисмлари ҳам бузилган. Аҳоли мурожаат йўллаган пайтда кўприклар ҳам, асфальт ҳам тикланмаганини билдирган.
Мурожаат муаллифларига кўра, хонадонларга кириш учун хизмат қилган кўприкларни аҳолининг ўзи ўз маблағига қурган. Улар бу кўприклар розилигисиз бузилганини айтиб, ишлар қандай асосда амалга оширилгани ва кўприкларни ким тиклашига жавоб сўрамоқда. Умумий фойдаланишдаги йўллардаги айрим кўприклар эса, мурожаатда айтилишича, эски ҳолича қолган.
Аҳоли тасдиқланган лойиҳада асфальт ва кўприкларни тиклаш кўзда тутилганми, қурилиш ишлари лойиҳага мувофиқ олиб бориляптими, деган саволларни ҳам қўйган. Мурожаат муаллифлари Бухоро вилояти ҳокимлиги, қурилиш назорати инспекцияси ва прокуратурадан бажарилган ишлар ҳажми, сифати ва маблағ сарфини текширишни, аҳолига етказилган зарарни бартараф этиш чораларини кўришни сўрамоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг