Социализм адабиётини ёқтириш мушкул. Лекин шу макулатура ичида арзийдиган сюжетлар йўқ эмас. Россиялик таниқли математик олимнинг таъқиби фонида Грибоедовнинг «Ақл балоси» («Горе от ума») асари ёдга тушади. Бу асарда Чацкий эркин фикрли, билимли, зиёли одам. Унга қарши Фамусовлар жамияти туради: амалпараст, бюрократ, эскича фикрлайдиган, биқиқ, қўрқоқлар. Булар орасида «ақлли одам» бўлиш хавфли – энг камида юзага чиқаришмайди, жиддий адамзадалар эзиб-янчиб ташлашади.

Бундай носоғлом рақобат ҳар доим, ҳар қандай тузумда бўлиши мумкин. Лекин, келинг, масштаби каттароқ бўлган оламга машҳур зиёлилар ҳаётини кейс сифатида кўриб чиқайлик.

Александр Пушкин Россия тарихида давлат босими ва цензурага учраган энг машҳур зиёлилардан бири ҳисобланади. У ёшлигидаёқ эркинлик, конституция ва самодержавиега қарши руҳдаги шеърлари билан танилган. Шоирнинг «Вольность», «К Чаадаеву», «Деревня» каби асарлари ҳокимият эътиборини тортган. 1820 йилда император Александр I нинг қарори билан Пушкин пойтахтдан узоқлаштирилиб, Россия жанубига хизмат сафари кўринишидаги сургунга юборилади. У Кишинёв ва Одессада яшайди.

Кимёнинг отаси Менделеев бюрократ ва овсар амалдорларни тез-тез танқид қилган. Менделеев талабаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун ҳокимият билан келишмовчиликларга борган. 1890 йилда талабалар мурожаатини ҳукуматга етказишга уринганидан кейин Санкт-Петербург университетидан кетишга мажбур бўлган. Бироз аввал,  яъни 1880 йилда Менделеев Россия Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига сайланмай қолади. Бу қарор илмий жамоатчиликда катта норозилик уйғотди, чунки у пайтда олим даврий жадвал муаллифи сифатида дунёга машҳур бўлиб улгурган эди.

«Уста ва Маргарита» муаллифи Миҳаил Булгаков ҳам «тепадагиларнинг» қора рўйхатига тушган. Булгаков Октябрь инқилоби ва фуқаролар уруши воқеаларини танқидий руҳда тасвирлагани учун совет ҳокимиятига ёқмаган. 1920 йиллар охирига келиб унинг деярли барча пьесалари саҳнадан олиб ташланди, асарлари нашр қилинмай қўйди.

СССР тарихидаги энг машҳур таъқиб қилинган олимлардан бири – академик
Сахаров.  Олим совет ядро дастурининг асосий муаллифларидан бири. Уни ҳатто «совет водород бомбасининг отаси» деб аташади. Бироқ 1960 йиллардан бошлаб у ядро қуроллари пойгаси, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва сиёсий репрессияларни очиқ танқид қила бошлайди. 1968 йилда унинг «Тараққиёт, тинч-тотув яшаш ва интеллектуал эркинлик ҳақида мулоҳазалар» номли мақоласи Ғарбда нашр этилиб, бутун дунёда катта шов-шувга сабаб бўлади.

1970-йилларда Сахаров совет диссидентлари ҳаракатининг энг машҳур намояндаларидан бирига айланади. У сиёсий маҳбусларни ҳимоя қилади, цензурани танқид қилади ва демократик ислоҳотлар талаб қилади. 1975 йилда Сахаров Нобел билан тақдирланади. Аммо СССР ҳукумати уни мукофотни олиш учун хорижга чиқармайди. 1980 йилда Сахаров СССРнинг Афғонистонга бостириб кирганини танқид қилгани сабабли барча давлат мукофотлари олиб қўйилади ва мажбурий сургун қилинади. Олим етти йил давомида КГБ назорати остида яшайди.

АҚШда ҳам сиёсий босим, игнор,  сургун кейслари талай. Машҳур зиёлилардан Роберт Опенгеймер, Френк Опенгеймер,  Бертолъд Брехт, Линус Паулинг, Лилиан Ҳеллманлар АҚШнинг босим «марҳаматидан» баҳраманд бўлишган.

Ҳозир ахборот ҳажми улкан, бирор зиёли таъқибга учраётганини айни дамда билиш қийин. Жамоатчилик эътиборни популист блогерларга қаратади. Академик ва санъат соҳасидаги тизмий зиддиятлардан катта омма бехабар. Йиллар ўтгач, балки математик олим Михаил Вербицкийдек мазлумлар номи юзага чиқар. Бу бир эҳтимол. Лекин бир нарса аниқ – юқорида исмлари саналган зиёлилар ўз даврида четга сурилди,  сўнг тарих ҳақиқати тикланиб уларнинг номи оқланди.  Улар ўз давридан илдамлаб кетганини барчамиз тушундик.  Бугун шу буюкларни эзғилаган овсар бюрократ амалдорларни ҳеч ким эсламайди. Уларнинг исмини, тарихда, илм ёки санъатда қолдирган изини билмаймиз. Ажойиб, ўта адолатли парадокс.