САУДИЯ, ТУРКИЯ ВА ПОКИСТОН ЯНГИ ХАВФСИЗЛИК ЎҚИНИ ҚУРЯПТИМИ?
Маккада имзоланган Саудия, Туркия ва Покистон ўртасидаги уч томонлама мудофаа келишуви Яқин Шарқ хавфсизлик тизимини ўзгартириши, АҚШнинг ягона кафолатчи сифатидаги ўрнини заифлатиши ва янги минтақавий куч марказини шакллантириши мумкин.
Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ўртасида Маккада имзоланган уч томонлама мудофаа келишувининг энг муҳим жиҳати унинг матнидаги “бирига ҳужум – барчасига ҳужум” тамойилигина эмас.
Асосий ўзгариш – Яқин Шарқдаги хавфсизлик тизими энди фақат АҚШ атрофида қурилмаслиги мумкинлигидир.
Узоқ йиллар давомида Форс кўрфази монархияларининг хавфсизлиги катта даражада Америка ҳарбий қудратига боғлиқ эди. Саудия Арабистони ҳам АҚШ қуроллари, разведкаси, ҳаво мудофааси ва минтақадаги Америка ҳарбий инфратузилмасига таяниб келди.
Аммо кейинги минтақавий урушлар Риёд олдига катта уруш пайтида Америка Саудияни ҳимоя қилиш учун қаергача боришга тайёр деган ноқулай саволни кўндаланг қўйди.Макка келишуви айнан шу саволга берилган стратегик жавоблардан бири бўлиши мумкин.
Бу Америкадан юз ўгириш эмас. Аксинча, Саудия хавфсизлигини бир нечта устунга таянтиришга уринишдир.
Вашингтон қолади. Аммо унга Анқара ва Исломобод ҳам қўшилади.
УЧ ДАВЛАТНИНГ КУЧИ НЕГА БИР-БИРИНИ ТЎЛДИРАДИ?
Янги учбурчакнинг мантиғи жуда содда.
Саудия Арабистонида – улкан молиявий ресурс ва стратегик ҳудуд бор. Туркияда – ривожланган мудофаа саноати, дронлар, ракеталар, электрон тизимлар, ҳарбий кемалар ва НАТО стандартларида ишлай оладиган катта армия бор.
Покистонда эса – кўп сонли армия, жанговар тажриба, ракета технологиялари ва энг муҳими, ядровий қурол бор.
Шартли равишда айтганда Саудияда пул бор, Туркияда технология бор ва
Покистонда ҳарбий куч бор.
Агар шу уч салоҳият ҳақиқатан ягона мудофаа тизими атрофида бирлашса, минтақада мутлақо янги куч маркази пайдо бўлиши мумкин.
ЭНГ КАТТА ЎЗГАРИШ САУДИЯ СИЁСАТИДА
Муҳаммад бин Салмон ташқи сиёсатда Саудия фақат бир буюк давлатга қарам бўлиб қолмаслиги кераклигини тушуниб кетган.
Риёд бир вақтнинг ўзида АҚШ билан хавфсизлик алоқаларини сақламоқда, Хитой билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда, Туркия билан мудофаа саноатини ривожлантирмоқда ва Покистон билан ҳарбий алоқаларни чуқурлаштирмоқда.
Макка келишуви ана шу кўп йўналишли сиёсатнинг ҳарбий кўринишидир.
Бунинг ортидан Саудия ташқи ҳимоя олувчи давлатдан ўз атрофида хавфсизлик тармоғи қурувчи давлатга айланиши мумкин.
ПОКИСТОННИНГ СТРАТЕГИК ҚИЙМАТИ ОШДИ
Макка пактидан энг катта сиёсий дивиденд оладиган давлатлардан бири Покистон бўлиши мумкин.
Исломобод иқтисодий муаммоларга қарамай, ҳарбий жиҳатдан мусулмон дунёсидаги энг муҳим давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.
Энди Покистон Саудия хавфсизлигидаги анъанавий шерик мақомидан кенгроқ – Туркияни ҳам қамраб олган минтақавий хавфсизлик конструкциясининг асосий бўғинига айланмоқда.
Аммо айнан шу ҳолат Исломобод учун хавф ҳам туғдиради. Покистон Эрон билан узун чегарага эга. У Саудия билан иттифоқни кучайтириши мумкин, аммо Теҳрон билан очиқ уруш Исломобод учун ниҳоятда хавфли сценарий бўлади.
Шу сабаб Покистоннинг асосий дипломатик вазифаси Саудияни ҳимоя қилиш билан Эронга қарши фронтнинг бир қисмига айланиб қолмаслик ўртасидаги мувозанатни топиш бўлади.
ТУРКИЯ ФОРС КЎРФАЗИГА ЧУҚУРРОҚ КИРМОҚДА
Анқара учун келишувнинг бошқа стратегик маъноси бор.
Туркия охирги йилларда ташқи сиёсатини фақат НАТО доираси билан чекламай келмоқда. У Кавказда, Марказий Осиёда, Африкада, Сурия ва Ироқда ўз ҳарбий-сиёсий иштирокини кучайтирди.
Энди Форс кўрфази хавфсизлигида ҳам институционал ўрин эгаллаши мумкин.
Бунда Туркиянинг энг кучли қуроли фақат армия эмас, балки мудофаа саноатидир.
Турк дронлари, ракеталари, ҳарбий электроникаси ва кемасозлиги Саудия капитали ва Покистоннинг ишлаб чиқариш ҳамда ҳарбий базаси билан бирлашса, келажакда янги йирик мудофаа-саноат платформаси пайдо бўлиши мумкин.
Узоқ муддатда айнан шу жараён келишувнинг ҳарбий бандларидан ҳам муҳимроқ бўлиб чиқиши эҳтимол.
МАККА ПАКТИ ЭРОН УЧУН НИМАНИ АНГЛАТАДИ?
Теҳрон учун Макка пакти ёқимсиз сигнал.
Эрон Саудияга босим ўтказар экан, энди фақат Риёднинг ўзи билан эмас, эҳтимол Туркия ва Покистон реакцияси билан ҳам ҳисоблашиши керак бўлади.
Шу нуқтаи назардан келишув Эронга қарши тўғридан-тўғри уруш блокидан кўра, тийиб туриш механизмига ўхшайди.
Бироқ ҳар қандай тийиб туриш стратегиясининг иккинчи томони ҳам мавжуд.
Агар Теҳрон бу келишувни ўзини қуршаб олишга уриниш сифатида қабул қилса, у ҳам ҳарбий имкониятларини кучайтириши, ўз иттифоқчиларини фаоллаштириши ва минтақа бўйлаб қуролланиш пойгасини тезлаштириши мумкин.
Демак, пакт хавфни камайтириши ҳам, нотўғри ҳисоб-китоблар туфайли уни ошириши ҳам мумкин.
ИСРОИЛ ҲАМ ЯНГИ ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШГА МАЖБУР
Исроил учун вазият янада мураккаб.
Покистон Исроил билан дипломатик муносабат ўрнатмаган ядровий давлат.
Туркия ва Исроил муносабатлари эса сўнгги йилларда янада таранглашди.
Саудия Арабистони бир вақтлар Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш томон ҳаракат қилган бўлса-да, минтақадаги урушлар ва Фаластин масаласи бу жараённи ортга сурди.
Шу шароитда Анқара, Исломобод ва Риёд ўртасида коллектив мудофаа механизмининг пайдо бўлиши Тел-Авив учун ҳам янги стратегик омилдир.
Бу келишув Исроилга қарши имзоланган дегани эмас. Аммо минтақа бўйлаб ҳар қандай йирик ҳарбий операциянинг сиёсий нархини ошириши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг