Ўзбекистонда «инязни» битирган энг саводсиз кадрлар шу университетларнинг раҳбарлик курсиларини эгаллайдилар. Ҳали чет тилларга ихтисослашган бирорта олийгоҳ раҳбарларининг ўз йўналиши ва ихтисослигида даҳо бўлганини эшитмаганмиз. Булар тузукроқ дарс беролмайди, синхрон таржимон бўлолмайди, бирор жўяли янгиликни фанга киритолмайди. Бир курсини эгаллаб, гуруҳбозлик билан амални ушлаб туриш – ягона «рабочий вариант».

Самарқанд давлат чет тиллар институти профессор-ўқитувчилари ҳам бошқарувдан норози бўлиб Элтузарга мурожаат йўллали.

Ҳар доимгидек, муассасадаги бошқарув тизими, кадрлар сиёсати, меҳнат муносабатлари ҳамда бюджет маблағларининг сарфланиши юзасидан жиддий эътирозлар билдирилмоқда.

Етти саҳифадан иборат мурожаатда институт раҳбарияти томонидан қабул қилинаётган айрим қарорларнинг қонунийлиги ва шаффофлиги шубҳа остига олинади.

Хусусан, профессор-ўқитувчилар кадрларни ишга қабул қилиш ва раҳбарлик лавозимларига тайинлашда таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ҳамда шахсий алоқалар устуворлик қилмоқда.

«Айрим ходимларни ишдан бўшатишда босим ўтказилади, ҳайфсанбозлик, тушунтириш хатларини қурол қилиб меҳнат қонунчилиги талабларига тупурилади. Раҳбарлик лавозимларига тайинлашда белгиланган малака мезонлари мунтазам бузилади…»

Институт ректори Б. Холиқовнинг 2024 йил октябрь ойидан буён институт маблағлари ҳисобидан 25 марта хорижга хизмат сафарига чиққанига нима дейсиз? Ушбу сафарларнинг молиялаштирилиши, иштирокчилари ва амалий натижаларини ўрганиш зарур.

Бундан ташқари, институтда раҳбарият учун алоҳида хоналар ташкил этилган, уларни таъмирлаш ва жиҳозлашга бюджетдан ташқари маблағлар сарфланади. Бу маблағлар илмий иш ҳимоя қилувчи шўрпешоналардан йиғилади табиийки. Бу институт ҳам кафедра муҳокамалари, семинарлар ва ОАКда эълон чиқартириш ортидан мўмай даромад қилади деган иддаолар замирида жон бор.

Ректорга яқин шахсларга рағбатлантириш тўловлари белгилан. Энди, бу барча давлат олийгоҳларида мавжуд анъана. Проректорлар ва ректор 200 фоизлаб устама олади, қора меҳнатни қуйи поғона бажаради.

Айнан шу институтда ректорнинг иш вақтига риоя қилиши, ходимларга нисбатан меҳнат интизоми талабларининг бир хил қўлланилиши ва рағбатлантириш комиссияси фаолиятини ҳам холис текшириш шарт.

Энг жиддий эътирозлардан бири кадрлар сиёсатига тааллуқли. Айрим профессорлар ва тажрибали раҳбар ходимлар лавозимидан четлатилиб, уларнинг ўрнига етарли илмий малакага эга бўлмаган шахслар тайинланган.

«Институтда тьютор лавозимининг сотилиши маълум. Ҳар ўқув йили бошида уларни турли важлар билан бўшатиб, ўрниларига янги кадрлар экилади…»

Институтдаги комплаенс назорати, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва раҳбарлик қарорларининг қонунийлиги масалалари ҳам алоҳида эътибор талаб қилади.

Ваколатли давлат органлари, Таълим ва илм-фан вазирлиги шу гуманитар олийгоҳлар раҳбариятини назоратга олиш механизмларини кучайтириши лозим.

СамДЧТИда эса кадрлар тайинлови, меҳнат муносабатлари, хорижий хизмат сафарлари, молиявий харажатлар ва раҳбарият фаолияти юзасидан мустақил текширув ўтказиш зарур.

Жамоа тегишли вазирлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа масъул идоралардан текширув борасида бир-биридан мустақил ҳаракатланишни талаб қилмоқда.