САМАРҚАНД ТИББИЁТИГА 525 МИЛЛИОН ДОЛЛАР АЖРАТИЛАДИ – НАТИЖАЛАР АРЗИРМИКАН?
Жаҳон банки Самарқанд тиббиётини ривожлантириш учун 100 млн долларлик имтиёзли кредитни маъқуллади, лойиҳанинг умумий қиймати эса 525 млн доллар. Мақолада бу маблағлар қаерга, қандай шартлар билан ва қанчалик очиқ сарфланиши кераклиги муҳокама қилинади.
Жаҳон банки 2026 йил 17 ноябрь куни Самарқанд вилоятида тиббий хизмат сифатини яхшилаш учун 100 миллион доллар имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бироқ лойиҳанинг умумий қиймати анча катта — 525 миллион доллар.
Жаҳон банкининг расмий маълумотига кўра, «SHIFO-1» дастури қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:
- 100 миллион доллар — Жаҳон банки тизимидаги Халқаро тараққиёт ассоциациясининг имтиёзли кредити.
- 425 миллион доллар — Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштириладиган маблағ.
- Жами 525 миллион доллар — дастурнинг умумий қиймати.
Дастур 2028 йил декабригача амалга оширилиши режалаштирилган. Унинг доирасида Самарқанд вилоятидаги 400 дан ортиқ оилавий поликлиникани модернизация қилиш, 6400 нафардан зиёд тиббиёт ходимини ўқитиш, 330 минг фуқарони юрак-қон томир касалликлари хавфи бўйича текшириш ва 250 минг беморнинг даволанишини кузатиш назарда тутилган.
Бу маблағларнинг ҳар бир тийини қаерга сарфланишини халқ билиши керак.
Қайси поликлиникага қанча пул ажратилади? Қандай тиббий ускуналар харид қилинади? Уларнинг бозор нархи қанча? Таъмирлаш ишларини қайси компаниялар бажаради? Тендерларда кимлар ғолиб бўлади?
Бу саволларга жамоатчилик очиқ ва аниқ жавоб олиши лозим.
425 миллион доллар Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштирилишини инобатга олсак, маблағларнинг манбалари, йиллар бўйича тақсимоти ва сарфланиши ҳақида мунтазам ҳисобот берилиши зарур.
100 миллион доллар ҳам грант эмас, кредит. Демак, уни қайтариш шартлари, фоизлари ва давлат молиясига таъсири ҳам очиқ тушунтирилиши керак.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда лойиҳа ижрочилари ҳар бир йирик харид, шартнома ва бажарилган иш юзасидан жамоатчиликка маълумот тақдим этиши мақсадга мувофиқ.
525 миллион доллар — улкан маблағ. Халқ унинг қаерга, нима мақсадда ва қандай натижа учун сарфланаётганини билишга ҳақли.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг