САЛАКОНИНГ «СЕШАНБАСИ» ЁКИ СИЁСИЙ ЛАҚМАЛИК
Камол Суналнинг «Салако» фильми орқали муаллиф Ўзбекистондаги узлуксиз ваъдалар, «ҳафта кунлари»га боғланган баҳоналар ҳамда халқ зиммасидаги қарзлар орқали амалдорларнинг сиёсий лақмалиги ва психологик манипуляциясини сатира қилади.
Турк киносининг даҳоси Камол Сунал ижро этган Салако фильмида бугунги ўзбек сиёсатини акс эттирувчи мукаммал эпизод бор.
Соддадил Салако севган қизи Эминени тоққа олиб қочади. Мақсад – висолга етиш.
— Эмине, кел энди… бояги ишни қилайлик ахир…
Лекин ҳар сафар «иш» палласига келганда, Эминенинг ичидан бирдан «Миллий иқтисодий тараққиёт маркази»нинг эксперти уйғониб кетади ва кунлик баҳоналар календарини варақлай бошлайди:
— Тўхта, Салако! Бугун ДУШАНБА — оғир кун, ҳафта бошидан бунақа стресс қилсак, иқтисодий кўрсаткичларимиз тушиб кетади.
Эртасига яна бир бахона…
— СЕШАНБА — чиллали кун! Бугун яқинлашсанг, жин уради.
…
— Чоршанба — чойшабга тўкилади, ишлар чаппасига кетади!
…
— Э-э, Салако, пайшанба — маънавият куни! Бугун пайшанбалик қилсак, охиратимиз куяди!
…
— Жума — муборак кун, гуноҳ бўлади…
Ҳуллас шу тариқа биз ҳам мана, салкам 35 йилдирки, Эминенинг «иффат ваъдалари» каби Ўзбекистон ҳукуматининг (эндиликда Янги Ўзбекистоннинг) сиёсатига ишониб, эшакка минадиган кунимизни кутиб тоққа қараб юришда давом этаяпмиз.
Келажагимиз буюк, лекин газ ҳам, чироқ ҳам, равон йўллар-у, фаравон турмуш ҳам — бугун эмас! Халқ эса ҳақиқий «Салако» бўлиб, елкасида истеъмол моллари қарзи, ипотека, автокредит ва «солиқ» деган тошдан оғир хуржунларни орқалаганча, бунинг устамасига тепадаги кимнингдир эркатой қизини ҳам эшагига миндириб, «Ислоҳотлар тоғи»га қараб пиёда кетяпти.
Онда сонда режани нотўғри олганини эслаб бош чайқаб ҳам қўяди: «Қиз қочирмоқ учун икки эшшак лозим эди…»
Орқада эса мулозимлар чет элнинг қимматбаҳо «тойчоқлари» (Lexus ва Tahoe)да кетиб боришаркан, Салаконинг ҳар бир қадамини ўлчашади, йўлига пистирмалар қўйишади. Аҳён-аҳёнда эса ойнани тушириб, ўша таниш баҳонани вайсашади:
«Ҳали тизим йўлга тушмади, рақамлаштириш кетяпти, озгина чиданг. Иқтисодиёт — бу нозик масала…»
Бизнинг амалдорлар — психологик манипуляция усталари. Чироқ ўчса — «Бу келажакдаги ёруғлик учун пойдевор!» дейишади. Гўшт қимматласа — «Вегетарианлик соғлиққа фойда!» дейишади.
— «Бугун маънавият куни! Мутолаа қилинг! Қоринни эмас, руҳни ўйланг. Кредит фоизи 28% бўлса нима қилибди? Кредит бу ҳукуматнинг имтиёзи!» — дейди семизгина вазир, ўзининг хориждаги вилласига навбатдаги мебелни буюртма қилаётиб. Албатта ҳукуматнинг имтиёзи… тўғририғи ҳукуматдагиларнинг!
Мулозимларимизнинг ваъдаси — математик «инфинити», яъни чексизлик. Худди Салако тоғда бир умр Эминенинг кетини пойлаб, созини чалиб ўтганидек, халқ ҳам банк фоизларини тўлаб, «Янги Ўзбекистоннинг асалдан ширин» эртасини кутиб, соқоли оқариб кетяпти.
Энг алам қиладигани — Салаконинг соддалиги. У ҳамон қизнинг ваъдасига, биз эса Статистика агентлигининг «ўртача ойлик 5 миллион» деган эртагига ишонамиз.
Мулозимлар кредит ставкаларини ошириб, устимиздан кулиб туриб: «Сизлар учун қиляпмиз, иқтисодиётни соғломлаштиряпмиз», дейишади. Бу худди жарликка қараб учиб кетаётган машинанинг тормозини суғуриб олиб: «Мана, кўряпсизми, тезлик ошяпти, ривожланиш шиддатли!» дейиш билан баробар.
Бироқ, Салако фильмининг охирини эсланг. Ўша лақма ҳам охирида ўзига келди ва қўлига қурол олиб: «Аҳмоқ эмасман!» деб бақирди. Изидан тушган коррупционернинг семиз думбасига қараб пақ этиб отди.
Шундан кейин воқеалар бошқача ривожланди. Яна кинодаги халқнинг гапидан иқтибос: «Бир ҳид келди!», «Ниманинг ҳиди?», «Бўқнинг ҳиди…» «Бошимизга пуллар ёғилди!» …
Бизнинг коррупционер мулозимлар эса ҳали ҳам тақвимга қараб, эски пластинкани чалишяпти: — «Бугун бўлмас, чунки бугун — СЕШАНБА!»
Хўш, эртага нима қолди? Эртага ҳафтанинг қайси куни эди?
Қудрат Бобожон
«Ойна» нашри Бош муҳаррири
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг