ТИЙИБ ТУРИШ ИЛЛЮЗИЯСИ
Мақолада Россиянинг Украинага қарши уруши мисолида ядровий тийиб туриш ғояси қандай иллюзияга айлангани, Кремл элитасининг стратегик ҳисоб-китобларидаги хато ва унинг Россиянинг глобал геосиёсий мавқеи таназзулга юз тутгани таҳлил қилинади.
“Уруш инсонлар ўртасидаги муносабатларда тасодифий оғиш эмас, балки доимий равишда ўзгариб борадиган ва абадий ижтимоий ҳодисадир”, – фон Клаузевиц.
Россиянинг Украинадаги урушини ҳам кенг қамровли таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, бу уруш Путин бошчилигидаги Россияни ва унинг ҳарбий машинасини кутилмаган ҳолатда қолдирди. Чунки улар “ядровий триаданинг тўлиқ арсеналига эга давлатга қарши АҚШ бошчилигидаги Ғарб Украинага қурол беришга журъат эта олмайди”, деган ишончда мутлақо қатъий эди. Бироқ аччиқ воқелик Украина урушни Россия ҳудудининг ичкарисигача олиб киришга муваффақ бўлганини кўрсатди, АҚШ бошчилигидаги Ғарб эса Украинага нафақат илғор ҳарбий қуроллар, балки Россия ичкарисидаги нишонлар бўйича реал вақтдаги разведка маълумотларини ҳам тақдим этмоқда.
Дунёдаги энг йирик ва етакчи разведка имкониятларидан бирига эга мамлакат қандай қилиб бундай хатога йўл қўйиши мумкин? Стратегик оқибатларга эга бўлган бу сиёсий-ҳарбий янглишувнинг илдизларини Совуқ уруш даврида шаклланган ва уруш олиб боришнинг асосий омилларидан бирига айланган ядровий тийиб туриш ғоясига бўлган ишончдан излаш керак.
Ядровий тийиб туриш – бу давлат ядровий қуролга эга бўлиш орқали рақибни ҳужум қилишдан қайтаришга қаратилган ҳарбий стратегия ва миллий хавфсизлик доктринасидир. Давлатлар ҳалокатли ядровий жавоб зарбаси таҳдиди орқали тажовуз нархини ҳар қандай эҳтимолий фойдадан анча юқори қилиб кўрсатишга интилади. Бу ҳолат кўпинча “ўзаро кафолатланган йўқ қилиш” деб аталадиган барқарорлик ҳолатини юзага келтиради. Ядровий тийиб туриш доирасидаги энг муҳим тушунчалар қуйидагилар:
• Ўзаро кафолатланган йўқ қилиш: тийиб туришнинг асосий тушунчаларидан бири бўлиб, унга кўра иккинчи зарба бериш қобилиятига эга икки давлат ўртасидаги кенг кўламли ядровий алмашинув ҳам ҳужум қилувчи, ҳам мудофаа қилувчи томоннинг тўлиқ ҳалокатига олиб келади.
• Иккинчи зарба бериш қобилияти: давлатнинг биринчи ядровий зарбадан омон қолиб, ҳали ҳам ҳалокатли қарши ҳужум уюштириш учун етарли арсеналга эга бўлиш қобилияти. Бу қобилият бўлмаса, тийиб туриш беқарор ҳолатга келади.
Украина урушигача бўлган Россиянинг ҳарбий ва стратегик доктринасини, шунингдек, Россия элиталари орасидаги устувор сиёсий дискурсни таҳлил қилиш шуни очиб берадики, Путин ва унинг атрофидаги қудрат эгалари ядровий тийиб туриш ғоясига қаттиқ мойил бўлган. Шу сабаб улар АҚШ бошчилигидаги Ғарб Украинага энг замонавий технология ва қурол-яроғ билан ёрдам беришини умуман кутмаган.
Россия Украинага бостириб киришидан олдин Ташқи разведка хизмати – СВР – Путинни АҚШ бошчилигидаги Ғарбнинг Украинага ёрдами ҳақида қайта-қайта огоҳлантирган. Бироқ Путин ўз ташқи разведка хизмати огоҳлантиришларини инобатга олмасликка қарор қилган. Шунинг учун ҳам СВР раҳбари Наришкин Путиннинг телевизион йиғилишида Украинага бостириб кириш ҳақидаги фикри сўралганда “тили айланмай қолган”.
Шу билан бирга, тадқиқот хулосаларимизга кўра, ЦРУ ва Британиянинг SIS-MI6 разведка хизмати Россиянинг Украинага бостириб кириш режасидан аллақачон хабардор бўлган. Шу боис улар Украина армиясини россияликларга қарши самарали курашишга тайёрлаган. Бундан ташқари, Ғарбдаги сиёсий ва ҳарбий раҳбарлар – яна ЦРУ ва SIS-MI6 маълумотлари туфайли – Путин ва Россия ҳарбий машинаси ядровий тийиб туришга қаттиқ таянаётганини, шу сабаб улар Киевни уч кунда эгаллашларига мутлақо ишонганини билган.
Би-би-си маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери беш юз мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган ёки яраланган. Бу Иккинчи жаҳон урушидан кейин Россия ҳарбийлари учун энг катта инсон ресурслари йўқотишидир. Манбаларга кўра, Путин ва унинг генераллари Ғарбнинг Украинага кўрсатган ёрдамидан ҳайратда қолган. Чунки улар энди Украинадаги урушда Россияни мағлубиятга олиб келган нарса, аввало, ўз сиёсий ва ҳарбий раҳбарларининг ядровий тийиб туришга калтабинларча суяниши бўлган, деган хулосага келган.
Россиянинг Украинага бостириб кириши ярим доимий стратегия сифатида қаралган ушбу ёндашувни эскиртирди ва Россияга давосиз дард келтирди. Украинага қарши урушдаги мислсиз ҳарбий муваффақиятсизликлар фонида Россия энди уруш ва ҳарбий ҳаракатлар доимий равишда ўзгариб борадиган ҳодиса эканини тушунмоқда. Шу сабаб ядровий тийиб туриш ёки Герасимов стратегиялари каби ярим доимий стратегиялар объектив шароитларнинг – яъни тезкор технологик тараққиёт ва уларнинг ҳарбий соҳага интеграция қилиниши – пайдо бўлувчи табиати сабаб тезда эскириши ёки ҳатто яроқсиз ҳолга келиши мумкин.
Бундан ташқари, Россия ҳокимиятининг энг юқори поғоналаридаги ушбу тийиб туриш иллюзияси унга геосиёсий жиҳатдан жуда қимматга тушди. Украинадаги ҳарбий ботқоқлик Россиянинг қўлларини боғлаб қўйди ва натижада у Яқин Шарқдаги стратегик ҳамда геосиёсий ҳузурини ё йўқотди – масалан, Сурияда – ёки унинг таъсири заифлашди – масалан, Шимолий ва Ғарбий Африка ҳамда Лотин Америкасида.
Ҳатто Ельцин президентлиги даврида ҳам Россиянинг халқаро тизимдаги сиёсий, ҳарбий, стратегик ва геосиёсий субъектлиги ҳозир Путин давридагидек заифлашмаган эди. Путин ҳақиқий давлат арбоби даражасига кўтарила олмади; у КГБ шон-шуҳрати ҳақидаги хаёллари билан яшайдиган собиқ разведкачи бўлиб қолмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, давлат бошқаруви ва давлатчилик – давомийлик ва ўзгариш ўртасидаги нозик мувозанатни сақлай олишни талаб қиладиган мураккаб ва машаққатли вазифадир. Улар ўртасида мувозанатни сақлай олмаслик давлат бошқаруви ва давлатчиликнинг ўзи мавжудлигини хавф остига қўядиган оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу нуқтаи назардан қараганда, Путин ва унинг атрофидаги қудрат эгалари юқорида зикр этилган талабга жавоб бера оладиган ҳолатда эмасдек кўринади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг