РОССИЯ БАНКЛАРИ ИНҚИРОЗ БЎСАҒАСИДА-МИ?
Европа разведка ҳисоботига кўра, Украинага қарши уруш, имтиёзли кредитлар ва яширинаётган муаммоли қарзлар Россия банк тизимини “портловчи” инқирозга яқинлаштирган. Москва ва Марказий банк эса хавф даражасини пасайтириб кўрсатмоқда.
Россия банк тизими Украинага қарши урушнинг молиявий юки остида жиддий босимга учраётгани айтилмоқда. Reuters кўрган Европа давлатларидан бири разведка ҳисоботига кўра, Москва уруш иқтисодиётини ушлаб туриш учун банклар зиммасига тобора кўпроқ юк ташламоқда ва бу ҳолат молиявий тизимда “портловчи” инқироз хавфини кучайтирмоқда.
Ҳисобот “Россияда 2026 йилда банк инқирози эҳтимоли ҳақида қайд” деб номланган. У Европа расмийларини Россия банклари ҳолати ҳақида хабардор қилиш учун сўнгги ҳафталарда тайёрланган. Унда Россия банклари ташқи кўринишда барқарор кўринса-да, аслида давлат қўллаб-қувватлови, имтиёзли кредитлар ва қарзларни қайта тузиш орқали муаммолар яширилаётгани таъкидланган.
Reuters маълумотига кўра, ҳисоботда Россия банклари мудофаа корхоналари, уй-жой олувчилар ва бошқа қарздорларга имтиёзли кредит беришга мажбурланаётгани айтилган. Бу эса банк балансларида қайтмаслиги мумкин бўлган кредитлар улушини оширмоқда. Ҳисобот муаллифларига кўра, давлат дастурлари иқтисодиётда фаоллик бордек тасаввур уйғотмоқда, аммо аслида бу ҳолат “портловчи вазият”ни яширяпти.
Энг хавотирли рақамлардан бири корпоратив кредитлар билан боғлиқ. Ҳисоботда Россияда корпоратив кредитларнинг 10 фоизи шубҳали тоифага киргани айтилган. Айрим йирик банкларда эса 2025 йилда чакана кредитлар бўйича муаммоли қарзлар улуши 15 фоизгача етгани қайд этилган.
Аҳоли қарздорлиги ҳам хавотир уйғотмоқда. Ҳисоботга кўра, 2025 йилда 500 мингдан ортиқ россиялик банкротлик эълон қилган. Бу аввалги йилга нисбатан қарийб учдан бир қисмга кўп. Шунингдек, давлат дастурлари 13 миллиондан ортиқ россияликни бир вақтнинг ўзида камида учта кредит олишга ундагани айтилмоқда.
Бу огоҳлантириш Европа Иттифоқи Россияга қарши 21-санкциялар пакетини тайёрлаётган бир вақтда янграмоқда. Reuters аввалги хабарига кўра, янги пакет қарийб 90 та Россия банкини нишонга олиши мумкин. Агар пакет қабул қилинса, санкцияга тушган Россия банклари сони 100 тадан ошади, бу эса халқаро молиявий алоқаларга эга банкларнинг ярмидан кўпроғини қамраб олади.
Европа Иттифоқи янги санкциялар орқали Россиянинг банклари, криптовалюта тармоқлари, дрон ишлаб чиқариш соҳаси, нефть савдогарлари ва қайта ишловчиларини нишонга олмоқчи. Европа дипломатик манбасига кўра, мақсад Россия молиявий тизимига босимни кучайтириш ва Москвани Украина билан тинчлик музокараларига ундашдан иборат.
Бироқ Москва бундай баҳоларни рад этмоқда. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков июнь ойида Россиянинг йирик банклари анчадан бери санкциялар остида ишлаётганини, аммо бу уларнинг фойда кўриши ва барқарор ишлашига тўсқинлик қилмаётганини айтган. У Россия Марказий банки вазиятни диққат билан кузатаётганини ва банк тизими барқарорлигини сақлаш учун зарур чоралар кўраётганини таъкидлаган.
Россия Марказий банки ҳам катта банк инқирози хавфини пасайтириб кўрсатмоқда. Reuters хабарига кўра, Марказий банк раисининг ўринбосари Филипп Габуния молия секторидаги заифликлар “фожиавий” эмаслигини айтган. У банкларнинг капитал захираси сўнгги уч йилдаги энг юқори даражада эканини, корпоратив муаммоли кредитлар эса 4 фоиз атрофида сақланаётганини билдирган.
Таҳлилчилар орасида ҳам қарашлар турлича. Macro Advisory маслаҳат компанияси эксперти Крис Уифер Россия иқтисодиёти турғунлашганини тан олган, аммо давлат назорати ва мудофаа харажатлари сабаб ҳозирча зудлик билан молиявий инқироз юз бериши шарт эмаслигини айтган. Унинг фикрича, Осиё давлатлари санкцияларни кўпинча четлаб ўтаётгани сабаб, янги санкциялар Россияни дарҳол инқирозга олиб келади деган қараш “орзуга яқин”.
Шу билан бирга, босим аломатлари кўпаймоқда. Россия Иқтисодиёт вазирлиги 2026 йил учун ялпи ички маҳсулот ўсиши прогнози 1,3 фоиздан 0,4 фоизга туширган. Банклардан ташқарида сақланаётган нақд пул ҳажми ҳам йиллик ҳисобда 17 фоиздан кўпроқ ўсиб, 19 триллион рублдан ошган. Бу банклар учун яна бир хавфли сигнал ҳисобланади, чунки кредит бериш учун уларга депозитлар керак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг