85 ЁШДАН ОШГАН НУРОНИЙ НЕГА ЭШИКМА-ЭШИК САРСОН?
Ромитан туманида 85 ёшдан ошган нуроний нега ер ва «зовур» масаласи бўйича йиллар давомида идора эшикларини қоқишга мажбур бўлмоқда? Унинг қўлидаги кадастр ҳужжатлари ва жиддий даъволар нима дейди, мутасаддилар-чи?
Бухоро вилояти Ромитан туманида 85 ёшдан ошган нуроний фуқаро йиллар давомида ўзига тегишли деб ҳисоблаб келган ер ва «зовур» масаласида турли идораларга мурожаат қилиб сарсон бўлаётгани ҳақида Элтузарга мурожаат келиб тушди. Мурожаатда фуқаронинг қўлида кадастр ҳужжатлари, топографик хариталар, ер чегараларига оид маълумотлар ва тегишли қарорлар борлиги айтилмоқда.
Гап Ромитан туманидаги «Обод кичик корхонаси»га алоқадор бўлган «зовур» ва унга туташ ҳудудлар юзасидан келиб чиққан низо ҳақида кетмоқда.
Мурожаат муаллифларининг айтишича, Жўра бобо деб таништирилган 85 ёшдан ошган фуқаро ўзининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун бир неча йилдан бери ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва мелиорация тизими идораларига мурожаат қилиб келмоқда.
Унинг қўлида ер чегаралари ва объект жойлашувини кўрсатувчи кадастр ҳамда топографик ҳужжатлар борлиги таъкидланади. Шунга қарамай, низо ҳануз ҳал қилинмаган.
Мурожаатда янада жиддий даъволар ҳам келтирилган. Унда нуронийга нисбатан куч ишлатилгани, унга тан жароҳати етказилгани ҳамда тажовузкор итлар ташлангани иддао қилинади.
Мурожаат муаллифлари прокуратура томонидан ушбу масала юзасидан аввал ҳам жавоблар ва тегишли кўрсатмалар берилганини айтиб, уларнинг амалда қандай ижро этилганига ойдинлик киритишни сўрамоқда.
Шунингдек, Ромитан туман прокуратураси ва ички ишлар органлари низо юзасидан қандай текширув ўтказгани, фуқарога нисбатан куч ишлатилгани ҳақидаги иддаоларга қандай ҳуқуқий баҳо берилгани ҳам очиқ қолмоқда.
Мурожаатчиларнинг айтишича, нуроний фуқаро ҳозир ҳам ўз ҳақини исботлаш учун мутасаддилар қабулига қатнашга мажбур.
Хўш, 85 ёшдан ошган инсон ўзининг қонуний деб ҳисоблаган ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун яна қанча идора эшигини қоқиши керак?
Мурожаат муаллифлари мутасадди идоралардан қуйидаги масалаларни холис ўрганишни сўрамоқда:
- нуроний фуқаронинг ер ва «зовур» масаласи бўйича мавжуд кадастр ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларига баҳо бериш;
- ер чегаралари ва топографик маълумотларни амалдаги ҳужжатлар билан солиштириш;
- фуқарога нисбатан куч ишлатилгани ва тан жароҳати етказилгани ҳақидаги даъволарни текшириш;
- прокуратура томонидан аввал берилган жавоб ва кўрсатмаларнинг ижросини ўрганиш.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг