Элтузарга йўлланган мурожаатда Қўқон шаҳри ва Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича судларида муайян давр мобайнида бирорта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмагани иддао қилиниб, бу ҳолат суд мустақиллиги ва айблов ҳукмларининг улуши юзасидан жиддий саволлар туғдираётгани айтилган.

Мурожаат муаллифи бу статистикани Олий суд раиси Робахон Маҳмудова фаолият юритган давр билан боғлаб баҳоламоқда.

Унинг даъво қилишича, Қўқон шаҳар жиноят ишлари бўйича судида мазкур давр мобайнида бирорта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаган.

Мурожаатда Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича суди бўйича ҳам худди шундай рақам келтирилиб, оқлов ҳукмлари сони нолга тенг бўлгани айтилган.

Мурожаат муаллифи бу ҳолатни тергов ва прокуратура томонидан судга киритилган айблов хулосалари судларда қай даражада танқидий баҳоланаётгани билан боғлиқ муҳим кўрсаткич деб ҳисоблайди.

Унинг фикрича, агар муайян ҳудудда узоқ вақт давомида бирорта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаган бўлса, бу судларнинг тергов ва прокуратура позициясидан қанчалик мустақил экани юзасидан савол туғдиради.

Шу муносабат билан Олий суддан Қўқон шаҳри ва Фарғона вилояти судларида сўнгги йилларда кўрилган жиноят ишлари, айблов ва оқлов ҳукмлари сони ҳамда кейинги инстанцияларда бекор қилинган ёки ўзгартирилган ҳукмлар статистикасини очиқлаш сўралмоқда.

Элтузар мурожаатда келтирилган «оқлов ҳукмлари – 0 та» деган статистик маълумотларни мустақил равишда тасдиқламаган. Таҳририят Олий суд ва тегишли суд органларидан расмий статистика ҳамда муносабат олишга тайёр.