2025 йилда Сенат томонидан маъқулланган “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонунга кўра, агар уй-жой эгалари ёки мулкдорларнинг 80 фоизи розилик билдирса, қолган 20 фоизининг розилигисиз ҳам уларнинг уйи бузилиши ва кўчирилиши мумкин. Хўш, шу қонун адолатлими?

Кўчмас мулк — овоз бериш орқали тортиб олинадиган нарса эмас. 20 фоиз ҳам тирик инсонлар дегани. Улар қарздор эмас, жиноятчи эмас, давлатга зарар етказмаган. Улар фақат ўз уйида яшашни хоҳлайди, холос. Аммо янги қонун уларни “кўпчилик манфаати” важи билан қурбон қилади.

Советнинг “коллективизация” деган сиёсати ҳам айнан шу мантиққа қурилган эди: умумий манфаат учун шахсий мулк устидан ҳукм чиқариш имкони берилган.

Қурувчининг асос мақсади фойда олиш бўлса, бу фойда бадалини ўз уйи қадрдон бўлиб қолган 20 фоиз аҳоли ўтайдими? Фойда инсоннинг ихтиёрига қарши, унинг мулки эвазига олинаётган экан буни эркин бозор деб бўлмайди.

Ўзбекистон реалияларига тик боқайлик. Бизда “80 фоиз рози бўлса бўлди” деган меъёр эса коррупция учун қулай механизмга айланиши тайин. Овозларни таъсир, босим ва келишувлар орқали тўплаш мумкин. Бу шароитда қолган 20 фоиз фуқаролар энг ҳимоясиз гуруҳга айланади.

Халқаро ҳуқуқ амалиётида ҳам мулк ҳуқуқи — асосий ҳуқуқлардан бири. Ҳеч ким ўз розилигисиз мулкидан маҳрум қилинмайди. Зотан, агар инсон ўз уйида ҳам ўзини ҳимояланган ҳис қилмаса, у қаерда ҳимоя топади?