АККУМУЛЬЯТОР ЗАВОДИДАН КАТТА СИЁСАТГА: ҚУДРАТИЛЛА РАФИҚОВ ПОРТРЕТИГА ЧИЗГИЛАР
Жиззах аккумуллятор заводи директоридан «сиёсатшунос»га айланган Қудратилла Рафиқов феномени, унинг Черчилдан иқтибосларга тўла мақолалари, касаба уюшмалари шаффофлиги ва ЎзАда бир ёқлама нарратив муаммоси танқидий таҳлил қилинади.
(Ва нафақат Рафиқов…)
Ўзбекистонда сиёсатшунослик фани тугатилганига анча бўлди.
Бу ҳатто Каримов сиёсатшунослик кафедраларини ёпишни буюрган 2000-йиллар ўрталаридан анча аввалроқ содир бўлган эди.
Тўғри-да, сиёсат тугаган юртда сиёсатшунослик фани нимани ўрганади?
Каримов ўлган 2016 йилдан кейин сиёсатшунослик фанини реанимация қилишга уриниш бўлди.
Янги сиёсатшунослар бўй кўрсата бошлади.
Улардан айримлари, масалан, мамлакатнинг бош журналисти жуббасини кийган Шерзодхон Қудратхўжа ва Касаба уюшмалари федерациясининг умрбод раҳбари Қудратилла Рафиқов сингари собиқ функционерлар эди.
Уларнинг ҳозиргача қилган сиёсий таҳлили Каримов даврини қоралаш ва ўзлари рўшнолик кўрган янги даврни кўкларга кўтаришдан иборат бўлди, холос.
Ҳар иккаласи ўз мақолаларида Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Уинстон Черчиллдан бот-бот иқтибос келтирадилар.
Энг қизиғи, бу арбоблар, хусусан, Қудратхўжа Каримов даврида ҳам Черчиллдан бот-бот иқтибос келтирарди.
Аммо албатта унда бу иқтибослар Каримов шахсини улуғлаш учун ишлатилган.
Қудратхўжадан фарқли, сенатор Қудратилла Рафиқов Каримов даврида Черчиллдан иқтибос келтирилган мақолалар битмаган.
Умуман, интернетда 2016 йилдан олдин Қудратилла Рафиқов деган сиёсатшунос мавжуд бўлганига доир саҳиҳ маълумот йўқ.
Билгичларнинг айтишича, Жиззах аккумульятор заводининг собиқ директоридан сиёсатшунос яратишда Касаба уюшмалари федерациясининг нашри бўлган “Ишонч” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Эрматовнинг хизмати беқиёс.
Эрматов қаламидан чиққан мақолалар сенатор Рафиқов имзоси билан мамлакат бош нашрларини безабгина қолмай, чет эл, хусусан, босқинчи рус нашрларида ҳам чоп этилди.
Бу мақолаларнинг умумий мазмуни Каримов даврида башорат қилинган “буюк келажак” келди, бу – Учинчи Ренессансдир, деган мужмал иддао.
Айрим нашрлар 79 яшар Рафиқовни “Ўзбекистон сиёсатининг кулранг кардинали” деб ёзган. Рафиқовнинг ўзи ҳам бу “миф”ни дастаклашга ҳаракат қилиб келади. Аммо яқин тарихда “кулранг кардиналлик” даъво қилган одамларнинг тақдири билан боғлиқ мисоллар кўп.
Рафиқов ЎзАда чоп этилган охирги мақоласида Черчиллнинг” Биз улкан воқеликлар ва майда одамлар даврида яшамоқдамиз” деган сўзларидан иқтибос келтирибди.
Рафиқов назарида майда одамлар, бу – ўзгаришларни кўрмаётган ва турмуш шароитларидан нолиётган кимсалар.
Ваҳоланки, давлат раҳбари ўз чиқишларида айнан шундай одамларни рози қилиш ҳақида гапиради. Ҳали бирон марта унинг “ношукур одамлар” ҳақида гапирганини кўрмадик.
Касаба уюшмалари федерациясининг умрбодлик каттаси, шундан кўра, ўзбекистонлик меҳнаткашлар касаба уюшмаларига тўлаётган миллиардлаб сўм аъзолик бадаллари нимага сарфланаётгани, нима учун бу борада шаффофлик йўқлиги, нафақахўрлар нега расман бепул дейилган санаторияларга йиллаб навбат кутиши ҳақидаги саволларга жавоб берса бўларди.
Қолаверса, нима учун ҳозиргача мамлакатда мустақил касаба уюшмалари тузишга рухсат йўқлиги ҳақидаги савол ҳам очиқ қолмоқда.
“Урилган” амалдорларнинг клубига айланиб қолган касаба уюшмаларининг саксонни қоралаётган раҳбарини, афтидан, бу саволлар безовта қилмайди.
У аллақачон бири шаҳар прокурори, иккинчиси эса Миллий банк бошқаруви раиси бўлган ўғиллари тимсолида аллақачон ўзи учун нафақат Учинчи, балки Тўртинчи ренессансни ҳам таъминлаб қўйган.
Ва нафақат у.
Унинг шахсий матбуот котиби бўлган Ҳусан Эрматов ҳам бу орада сенаторлар сафидан жой олди ва бугун ўзини сўз ва матбуот эркинлигининг олдинги сафларида турган журналист ва арбоб сифатида тақдим қилади.
Ваҳоланки, у 2000-йиллар бошида Жиззахда ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроевнинг хонадонига бостириб борган ОБОНчи аёлларга бошчилик қилганини жиззахлик фаоллар яхши эслашади.
Миллатнинг хотирасини калта, деб ўйлайдиганлар миллат келажаги ҳақида баланд минбарлардан нутқ эрод қилиши фақат Ўзбекистонда учрайдиган камёб ҳодиса эмас.
Бу ҳамма жойда ва ҳамма даврларда бўлган.Фақат уларнинг шахсий манфаат ва таъма уфуриб турган нутқи етакчи нарративага айланмаслиги муҳим.
Бунинг учун эса, ўзбекистонлик солиқ тўловчилар ҳисобидан кун кўрадиган давлат ЎзА ахборот агентлиги бошқа фикрларга, жумладан, тармоқлардаги очиқ ва ҳаққоний мулоҳазаларга ҳам ўрин бериши керак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг