ЧИНОЗДА КЎЗИ ОЖИЗ АЁЛ ЙЎЛДА ОЧИҚ ЁТГАН ҚУДУҚҚА ТУШИБ КЕТИБ МАЙИБ БЎЛДИ – МАСЪУЛЛАР «САН СОЛАР» БИЛАН БАНД
Чинозда кўзи ожиз, 1-гуруҳ ногирони бўлган аёл йўл ёқасида очиқ қолган сув қудуққа тушиб кетиб, оёғи оғир шикастланган. У 10 кундан бери операцияга муҳтож ҳолда ётганига қарамай, маҳалла ва масъул идоралар амалий ёрдам кўрсатмаётгани айтилмоқда.
Чиноз туманида 1-гуруҳ ногирони бўлган кўзи ожиз аёл очиқ қолган қудуққа тушиб кетди. Аёл 10 кундан бери операцияга муҳтож, оғир аҳволда ётибди.
Тошкент вилояти Чиноз тумани Чин масжид МФЙда яшовчи фуқаро Иргашева Кунсулу Джуманова Элтузарга мурожаат йўллаб, онаси – 1960 йилда туғилган Джуманова Дилбар Джумадилаевнанинг оғир аҳволда эканини маълум қилди.
Дилбар Джумадилаевна 2026 йил 12 май куни йўл ёқасида очиқ қолган сувоқава қудуғига тушиб кетган. Оқибатда чап сон суягининг очиқ синган ва аёл Чиноз тумани Марказий шифохонасига ётқизилган.
Онахон 1-гуруҳ ногирони, иккала кўзи кўрмайди. Унинг боқувчиси ва доимий қаровчиси йўқ. Шунга қарамай, жабрланувчи 10 кундан буён операция қилинмаган, фақат дастлабки тиббий ёрдам билан кифоя қилинди.
“Операция қилдиришга иқтисодий имконим йўқ. Маҳалла раиси Н. Раҳматовга, ижтимоий ходим Г. Саидовага, хотин-қизлар бўйича масъул М. Раҳимжоновага моддий ёрдам сўраб бордим. Аммо 10 кун ичида ҳеч қандай амалий ёрдам бўлмади”, — дейди мурожаатчи.
Иргашева Кунсулу сувоқова ташкилоти раҳбариятига ҳам мурожаат қилган. Бироқ раҳбар томонидан “Чиноз туманида бундай очиқ қудуқлар мингта, қайси бирини ёпиб, қайси бирига ёрдам берамиз?” мазмунида совуққина жавоб берилган.
Агар бу гап рост бўлса, яъни очиқ қудуқлар “мингта” бўлса, демак, Чинозда аҳоли хавфсизлиги нол даражадами? Кўзи ожиз, ногирон аёл очиқ қудуққа тушиб, оёғи синганидан кейин ҳам масъуллар қимирламаса, яна кимдир тушиб кетиши, яна бир палакат юз бериши керакми?
Чиноз тумани ҳокимиятига ҳам ёрдам қўлини чўзмаган. Онахоннинг қизи Чиноз тумани Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходими Шухрат исмли шахс билан телефон орқали гаплашгани, аммо улардан ҳам амалий ёрдам тегмаганини билдирди.
Масъуллар лоқайдлиги сабаб жабрланган, жони азобда қолган ногирон онахон 2026 йил 20 май куни Чиноз тумани Марказий шифохонасидан операция қилинмасдан, оёғи синган ҳолда чиқариб юборилмоқда.
Ҳолат юзасидан Чиноз тумани ҳокимлиги, туман тиббиёт бирлашмаси, маҳалла масъуллари, сувоқава ташкилоти ҳамда мутасадди идоралар зудлик билан муносабат билдириши шарт. Орангизда бирор мард борми? Ёки халққа ғамхўрликни камерага кўрсатиб, расмга тушсангизгина қиласизларми?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг