Фарғонадаги тадбир кимнинг парда ортидаги сценарийси?
Фарғонадаги тадбирда ёшларнинг оммавий равишда зални тарк этиши ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлди. Блогер бу ҳолат олдиндан режалаштирилган сценарий бўлиши мумкинлигини айтди, расмий изоҳлар эса ҳали берилмади.
Фарғона вилоятида ўтказилган тадбирлардан бирида ёшларнинг зални оммавий равишда тарк этгани акс этган ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Блогер Шуҳратжон Эсанов ушбу вазият юзасидан муносабат билдириб, бу ҳолат тасодиф эмас, балки олдиндан режалаштирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.
Унинг фикрича, бундай ҳаракатлардан кўзланган мақсад вилоят раҳбариятини жамоатчилик ва юқори турувчи органлар олдида обрўсизлантириш бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Ҳозирча Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ёки бошқа масъул ташкилотлар томонидан расмий изоҳ берилмаган. Ҳолатга холис баҳо бериш учун ёшларни тадбирга ким олиб келгани, уларнинг бир вақтда залдан чиқиб кетишига нима сабаб бўлгани ва бу борада суриштирув ўтказилиши муҳим.
Бугунги тадбирнинг энг шов-шувли ва хунук нуқтаси бизга қилинган ҳурматсизлик эмас. Аслида залдаги ёшлар ва болаларнинг вилоят раҳбарига нисбатан гўёки “протест” (норозилик) қилиб, оммавий равишда зални ташлаб чиқиб кетгани бўлди.
Ташқаридан қараганда бу ёшларнинг исёнидек кўринса-да, аслида бу жуда пухта ўйланган ва ташкил этилган парда ортидаги ўйиндай кўринди!?
Бу ерда Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари ва назорат органлари жиддий суриштирув бошлаши шарт деб ўйлайман.
Ёшларни залга ким олиб келди ва уларни бир вақтнинг ўзида зални тарк этишга ким мажбур қилди? Мақсад вилоят раҳбарини жамоатчилик ва юқори идоралар олдида обрўсизлантириш, гўёки “Фарғонада ёшлар ҳокимга қарши” деган сохта манзарани яратиш эканлиги яққол сезилиб тургандай кўринди.
Кимлардир вилоят раҳбариятига қарши ўз сиёсий интригалари ва парда ортидаги ўйинларида содда болалардан қурол сифатида фойдалангандай кўринмоқда.
Вилоят ҳокимлиги аппарати ва масъуллари вазиятдан тўлиқ хабардор бўлсалар керак деб ўйлайман. Бизни сохта декорация сифатида ишлатмоқчи бўлганларга ва бу ўйинни уюштирган парда ортидаги кучларга катта раҳмат Халқимизда айтилганидек “Какой ответ, такой привет”.
Ижодкорнинг баҳосини расмийларнинг қоғоздаги рўйхати эмас, халқнинг ишончи белгилайди. Бу сохта сценарий эса эгаларининг ўзига урилади!
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг