Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Достонобод МФЙ Қатортол кўчаси аҳолиси тоза ичимлик суви муаммоси юзасидан Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди.

Қатортол кўчасида сув муаммоси йиллардан бери ҳал бўлмаяпти. Аҳоли нима дейди ва мутасаддиларга қандай савол қўймоқда? Видеони кўринг.


Аҳоли вакилларининг айтишича, авваллари ҳудудда ичимлик суви етарли бўлган. Аммо сўнгги йилларда айрим хонадонлар турли насослар орқали сув тортиб олаётгани сабабли кўчанинг бошқа қисмига ичимлик суви етиб бормаяпти.


Мурожаатда таъкидланишича, ҳозир аҳоли сувни бошқа маҳалладан 500-600 метр масофадан ташиб ичишга мажбур. Айрим ҳолларда ариқ сувини тиндириб истеъмол қилишга ҳам тўғри келмоқда. Аҳоли бу сув таркиби ва хавфсизлигига ҳеч ким кафолат бермаётганини билдирган.


Қатортол кўчаси оқсоқолларига кўра, ушбу масала бўйича туман даражасидаги бир қатор идора ва ташкилотларга мурожаат қилинган. Бироқ муаммо ҳануз ҳал этилмаган. Улар туман сув таъминоти масъуллари асосан қарздорлик масаласида келиши, янги тармоқ тортиш ишлари эса бир неча йил аввал бошланиб, охирига етмай қолганини айтишмоқда.


Достонобод МФЙ Қатортол кўчаси аҳолиси мутасаддилардан муаммога амалий ечим топишни, Президентдан эса ушбу масалада ёрдам беришни сўрамоқда.