ЎЗБЕКИСТОНДА МУЗҚАЙМОҚ ИМПОРТИ ҚАРИЙБ ИККИ БАРОБАРГА ОШДИ
Ўзбекистонга импорт қилинган музқаймоқ ҳажми бир йилда деярли икки баробарга ошди: 2026 йилнинг биринчи чорагида 8 давлатдан 3,3 млн долларлик музқаймоқ келтирилган. Бу аҳоли истеъмол одатлари ва бозордаги рақобат ўзгаришини кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда музқаймоқ маҳсулотларига бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда. Мавжуд маълумотлар таҳлилига кўра, 2026 йилнинг январь–март ойларида мамлакатга 8 та хорижий давлатдан умумий қиймати 3,3 млн АҚШ долларига тенг музқаймоқ маҳсулотлари импорт қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қарийб 1,9 млн долларга кўпайган.
Бу рақамлар нафақат озиқ-овқат бозоридаги ўзгаришларни, балки аҳоли истеъмол маданияти, иқлим омиллари ва бозор рақобати кучайиб бораётганини ҳам кўрсатади.
Импорт ҳажми бўйича етакчи давлатлар қуйидагича Россия 275,3 тонна, Қозоғистон — 139 тонна, Хитой — 46,2 тонна, Беларусь — 20,2 тонна, Франция — 17,6 тонна бошқа давлатлар — 13,3 тоннани ташкил қилмоқда.
Таҳлилларга кўра, Россиянинг катта улушга эга бўлиши географик яқинлик, логистика қулайлиги ва ушбу давлат музқаймоқ брендларининг Ўзбекистон бозорида анча шакллангани билан изоҳланади. Қолаверса музқаймоқ борасида Россия аллақачон Ўзбекистонда монополистик ҳарактер шакллантириб бўлган. Қозоғистон ва Беларусь маҳсулотлари ҳам нисбатан арзон сегментда рақобатлашаётгани кузатилмоқда.
Мутахассислар фикрича, импорт ҳажмининг ўсишига бир нечта омил таъсир қилмоқда. Аввало, аҳоли даромадлари ва истеъмол бозорининг кенгайиши сабаб совуқ ширинликларга талаб ормоқда. Шунингдек, ёз фаслининг ҳарорат жиҳатидан иссиқ келиши ҳам музқаймоқ савдосига бевосита таъсир кўрсатади.
Бугунги кунда музқаймоқ нафақат болалар, балки ёшлар ва катталар орасида ҳам оммабоп десертга айланиб бормоқда. Кафе, ресторан ва тезкор овқатланиш тармоқларида турли хил импорт музқаймоқлардан фойдаланилиши бозордаги талабни янада кучайтирмоқда. Ҳатто одамлар музқаймоқни уйларига буюртма қилдириб оилавий емоқда.
Шу билан бирга, импорт кўрсаткичларининг ўсиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ҳам жиддий сигнал ҳисобланади. Чунки ички бозорда хорижий брендлар улушининг кенгайиши рақобатни кучайтирмоқда. Бу эса маҳаллий корхоналардан маҳсулот сифати, қадоқлаш, таъм хилма-хиллиги ва маркетинг йўналишларида янада фаол бўлишни талаб этади.
Айрим иқтисодчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда сут маҳсулотлари саноати ривожланиб бораётгани ҳисобга олинса, келгусида ички ишлаб чиқариш орқали импорт ўрнини қисман босиш имконияти мавжуд. Бу эса нарх барқарорлиги ва маҳаллий брендлар рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Музқаймоқ импортидаги ўсиш оддий статистик рақам эмас. У аҳолининг истеъмол одатлари ўзгараётгани, озиқ-овқат бозори диверсификацияланаётгани ва мамлакатда озиқ-овқат саноатида рақобат янги босқичга чиқаётганини кўрсатмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг