ЎЗМТРК ХОДИМЛАРИ ДАХЛСИЗЛИК ҲУҚУҚИГА ЭГАМИ?
Соғлиқни сақлаш тизими ходими ЎзМТРК студияларида рўмол ва соқол тақиқланаётгани, бунинг ортидан эса конституциядаги диний-виждон эркинлиги бузилаётгани ҳақида гапириб, нима учун ТВ ходимларига бошқа қонунлар қўлланадиг деган саволни илгари суради.
Ассалому алайкум, ҳурматли Элтуз жамоаси. Мен соғлиқни сақлаш тизимида 20 йилдан ортиқ вақт давомида фаолият кўрсатиб келаман. Яқинда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияга тегишли бўлган “Ўзбекистон” телеканалининг “Муносабат” кўрсатувига эксперт сифатида таклиф қилиндим.
Мен бир неча йиллардан буён Оллоҳнинг амрини бажарган ҳолда рўмолда юраман. Мен кўрсатув тасвирга олинадиган ЎзМТРКга тегишли студияга борганимда телевидение ходимлари мендан тасвирга олиш жараёнида рўмолимни ечиб туришни талаб қилишди.
Улар бу ҳолатни Ўзбекистонда давлат ходимларига қўйиладиган талаб сифатида изоҳлашди. Мен уларнинг бу талабини рад этдим. Чунки Ўзбекистон Республикаси конституциясида фуқароларнинг диний ва виждон эркинлиги кафолатланган. Аммо шундай бўлса-да, ТВ ходимлари менинг раҳбариятим, яъни соғлиқни сақлаш вазирлигига алоқага чиқишди ва кўрсатувни тасвирга олиш жараёнида рўмолимни ечишимни талаб қилдилар.
Вазирлик маъмурияти мени кўрсатувни тасвирга олиш жараёнида рўмолимни ечмасам, ишдан ҳайдалишим билан таҳдид қилди. Мен тасвирга олиш жараёнида рўмолсиз ўтиришга мажбур бўлдим.
Бундан ташқари менинг икки нафар 60 ёшдан ошган ҳамкасбим памғамбаримиз Муҳаммад Саллоллоҳу Васаллам суннатини бажариш учун соқол қўйиб юришади. Аммо бирор марта ножуя ҳатти-ҳаракатлар қилишмаган.
Шу ҳамкасбларим ЎзМТРКга тегишли бўлган “Ёшлар” телеканалининг “Ростини айтинг” кўрсатувига эксперт сифатида таклиф қилиндилар. Энг ёмони, улардан ҳам кўрсатувни тасвирга олиш жараёнида соқолсиз келиш талаб қилинди.
Кейинчалик “Маҳалла” телеканалига тегишли бўлган “Минбар” кўрсатувига таклиф қилинганимизда ҳам бизга шу талаб қўйилди. Исми сир қолишини таъкидлаган “Маҳалла” телеканали ходимининг таъкидлашича, ЎзМТРКга тегишли бўлган телеканалларнинг бирортасида ҳам соқол ва рўмол билан эфирга чиқиш мумкин эмас экан. Шу сабабли кўплаб кўрсатўвларда биз аёллар рўмолсиз, кўплаб йигитлар эса соқолсиз келишга мажбур бўлишади.
Энг ачинарлиси шундаки, тасвирга олиш жараёнларида иштирок этган ЎзМТРК ходимларининг аксарияти рўмолли ва соқол қўйган кишилар эди. Ҳаттоки, “Ростини айтинг” кўрсатувини тасвирга олиш ишларида қатнашган “Ёшлар” телеканали ходимларининг аксарияти соқол қўйган ёш йигитлар ва рўмолли хотин-қизлар эди.
Телевидениеда меҳмон бўлиб, бир неча бор виждонимиз таҳқирланиб, камситилганимиздан сўнг ТВ ходимларига савол бердик; Нима учун бошқа давлат ходимларига тақиқланган рўмол ва соқолга сизларда рухсат берилган. Шундан сўнг ТВ ходимлари жилмайиб, – Бизга кўп нарсага рухсат берилади, чунки директорларимиз доимо бизни қўллаб-қувватлайди, сизнинг раҳбарларингиз эса сизни қўлламайди – деган жавобни беришди.
Бу жудаям ачинарли ҳолат. Нима учун бир давлат ташкилотида таъқиқланган жиҳат иккинчи давлат ташкилотида таъқиқланмайди. Менинг ёшим 50 дан ошган. Давлат ташкилотида ишлаётганимга 35 йил бўлди. Шу ўринда савол туғилади; нима учун менинг рўмолда юришим мумкин эмасу, ТВ ходимларига бундай юришга рухсат берилади? Нима учун менинг ҳамкасбларим 60 ёшдан ошган бўлсаларда, иш жойига соқолда келиши мумкин эмасу, лекин ЎзМТРК ходимлари 30 ёшга тўлмаган бўлсаларда, иш жойига бемалол соқолда келмоқдалар.
Бу саволлар анчадан буён кўпчиликни ташвишга солиб келяпти. Аммо Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати бу ҳақда ўйлаб кўрармикан..? Ҳарҳолда, ЎзМТРК раиси Абдулла Нигматовичнинг яқин одами бўлса… Ҳарҳолда Бош вазир йилида бир марта бўлса ҳам ЎзМТРК ҳолидан хабар олиб туриши керак, назаримда. Биз эса ЎзМТРК мулозимларидан муносабат кутиб қоламиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг