Фарғона вилояти Қўқон шаҳри, 16-сонли МФЙ, Ибн Сино кўчасида бир вақтлар Ҳаким Халифа исмли шахс томонидан эҳсон сифатида қурилган масжид биноси Ислом Каримов даврида ёпилганидан сўнг 51-уй эгалари томонидан ўзлаштирилиб, хусусий хонадонга қўшиб олинган.

Аҳолининг иддаосига кўра, ушбу ҳудудда аввал диний таълим, кейинчалик макарон ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти олиб борилган. Ҳозир эса умумфойдаланишдаги кўча майдони эгалланиб, рухсатсиз дўкон қурилди.

Мурожаатчилар Яҳёхон, Мусохон ва Қодир исмли шахсларнинг фаолияти қонунийлигини текширишни сўрашмоқда. Улар савдо ва ишлаб чиқариш фаолияти тегишли ҳужжатларсиз юритиб, солиқ тўловлари амалга оширмаган ҳамда эътироз билдирган қўшниларга тазйиқ ўтказиб келишмоқда.

Ўзи собиқ масжид биносининг ҳуқуқий мақоми қандай? Кўча ҳудудидаги қурилишга ким рухсат берган? Савдо фаолияти солиқ органларида рўйхатдан ўтганми?

Маҳалла аҳолиси Қўқон шаҳар прокуратураси, ИИБ, солиқ ва кадастр идораларидан ҳолатни холис текширишни, қонунбузилишлар аниқланса, тегишли чоралар кўришни талаб қиляпти. Имкон қадар шу бинони расмий масжид ёки мадрасага айлантириш керак.