Ҳокимият — шундай оғир юкки, уни кўтарган одам вақт ўтиши билан ё унинг остида қолади, ёки у билан яхлитлашиб кетади.

Бугун Қўқон бошқарувида кузатилаётган «барқарорлик» бизни тарихнинг чанг босган саҳифаларига ва қонуннинг қатъий ҳарфларига қайта назар солишга ундамоқда.

Тарих — шафқатсиз ойна. Қўқон хонлиги тарихига назар солсак, тахт тебраниб турган, фитналар авж олган даврларда ҳам ҳукмдорлар маълум бир «масофа»ни босиб ўтишган. Шоҳрухбийдан то Мадалихонгача бўлган давр — шаҳарнинг қони ва жони бўлган даврлардир.

Нарбутабийнинг 34 йиллик бошқаруви тинчлик меваси сифатида кўрилган бўлса, Худоёрхоннинг уч бора тахтга қайтиши, жами 24 йиллик ҳокимиятга ташналик ва сиёсий беқарорлик тимсоли бўлиб қолди.

Замонавий Қўқон шаҳрида ҳоким Маъруф Усмоновнинг ваколат муддати тарихий хонларнинг кўрсаткичлари билан бўйлашиб қолди. Фалсафий қарасак, ҳар қандай курси — омонат. Қонунчиликда белгиланган муддат эса инсон иқтидорининг чегарасини белгилайди. Бу «тўсиқ» раҳбарнинг ёмонлиги учун эмас, балки тизимнинг янгиланиши учун зарур.

«Ҳокимиятнинг узоқ вақт бир қўлда қолиши — сувни димлаб қўйишга ўхшайди. Сув қанчалик тоза бўлмасин, ҳаракатсиз қолса, хусусиятлари ўзгариб кетади. Агар «бу ерни бошқа одам бошқара олмайди» деган қараш мавжуд бўлса, бу шаҳарнинг эмас, бутун тизимнинг фожиасидир.

Маъруф Аъзамовичнинг узоқ йиллардан бери лавозимда қолаётгани унинг «алмаштириб бўлмас» раҳбар эканлигиданми ёки кадрлар сиёсатидаги турғунликданми? Қўқондек қадимий ва шижоатли шаҳар айни дамда янги нафасга, янги ғояларга муҳтож. Ҳокимни узоқ кутилган нафақага кузатиш фурсати етмадими?