ҚАРШИ ДАВЛАТ ТЕХНИКА УНИВЕРСИТЕТИ «БОТҚОҚҚА БОТЯПТИ»МИ?
Қарши давлат техника университети раҳбариятига оид кадрлар сиёсати, ер участкалари ва молиявий сарф-харажатлар ҳақида Элтузарга икки аноним мурожаат келди. Иддаолар ҳозирча мустақил тасдиқланмаган, бироқ расмий изоҳ талаб этмоқда.
Қарши давлат техника университетида кадрлар сиёсати, университет мулкидан фойдаланиш ва молиявий харажатлар билан боғлиқ жиддий саволлар борлиги ҳақида Элтузарга кетма-кет икки мурожаат келиб тушди.
Мурожаат муаллифларининг иддаосича, университет ректори Тошкентда ўзи билан бирга ишлаган кадрларни Қаршига олиб келиб, муҳим лавозимларга тайинламоқда. Натижада маҳаллий мутахассисларнинг имкониятлари чекланаётгани айтилмоқда.
«Ректор ўзи билан ишлаган одамларини Тошкентдан Қаршига ташиб келмоқда. Магистратура бўлимига ўзининг яқинда PhD ҳимоя қилган ёрдамчисини, таълим сифатига эса таълимни умуман тушунмайдиган одамни қўйган. ТДТУдан ким кетса, Қаршига олиб келинаётгандек», – дейилади мурожаатда.
Мурожаат муаллифи бу масала бўйича аввал ҳам шикоятлар қилингани, аммо улар жавобсиз қолганини таъкидлаб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан вазиятга муносабат билдиришни сўраган.
Иккинчи мурожаатда эса университет ҳудудидаги қарийб 5 гектар ер майдони ва бир бино маҳаллий ҳокимият тасарруфига берилгани ҳақида даъво қилинган.
Мурожаат муаллифи бу қарор қандай ҳуқуқий асосда қабул қилингани, университет манфаатларига қай даражада мос келиши ва унга ким розилик берганига аниқлик киритишни талаб қилмоқда.
Шунингдек, байрам муносабати билан ўқитувчиларга 412 минг сўмдан пул берилган бир пайтда ректор учун янги BYD автомобили харид қилингани ҳақида ҳам иддао билдирилган.
«Ҳамма жойда қурилиш, ҳамма жойда ремонт. Бу таълимми ёки бошқа манфаатлар учун хизмат қиладиган тизимми? Молиявий аҳвол қандай?» – дея савол қўяди мурожаат муаллифи.
Элтузарга келган мурожаатларда тилга олинган даъволарнинг мустақил тасдиғи ҳозирча мавжуд эмас.
Аммо улар бир қатор очиқ саволларни ўртага чиқаради: университет ҳудудидаги 5 гектар ер ва бино ҳақиқатан ҳам бошқа ташкилотга берилганми? Агар берилган бўлса, қандай қарор ва қандай шартлар асосида? Ректор учун BYD автомобили қайси маблағ ҳисобидан харид қилинган? Университетда сўнгги пайтдаги раҳбар кадрлар қай тартибда танланган?
Элтузар Қарши давлат техника университети раҳбарияти, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда бошқа ваколатли идораларни ушбу саволларга очиқ муносабат билдиришга чақириб, уларнинг жавобини ҳам эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг