ҚАМАШИДА БОЛАЛАР НАФАҚАСИ ҚАНДАЙ ҚИСҚАРТИРИЛЯПТИ?
Қамаши туманида айрим эҳтиёжманд оилалар болалар нафақаси ва ижтимоий ёрдамдан қандай чиқарилаётгани ҳақида даъво қилинмоқда. Мол-мулк ва бандлик маълумотлари сунъий ўзгартирилаётгани айтилмоқда, масъул идоралардан текширув сўралди.
Қашқадарё вилояти Қамаши туманида яшовчи фуқаро Элтузарга мурожаат қилиб, айрим эҳтиёжманд оилалар болалар нафақаси ва ижтимоий ёрдамдан чиқарилиши учун улар ҳақидаги маълумотлар сунъий равишда ўзгартирилаётган бўлиши мумкинлигини даъво қилди. Мурожаатда айрим оилаларга мавжуд бўлмаган чорва моллари ёзилиши, ишсиз фуқароларнинг «банд» қилиб кўрсатилиши ва қайта хатловлар орқали уларнинг ижтимоий ҳолати ўзгартирилиши ҳақида жиддий саволлар кўтарилган.
Мурожаат муаллифининг айтишича, Қамаши туманида болалар нафақаси олаётган айрим оилаларни ижтимоий ёрдам олувчилар рўйхатидан чиқариш бўйича босим бўлаётгани ҳақида аҳоли орасида норозилик мавжуд.
Фуқаронинг даъво қилишича, айрим ҳолатларда оиланинг моддий аҳволи ҳақидаги маълумотлар қисқа вақт ичида кескин ўзгариб қолмоқда.
«Бир кун олдин эҳтиёжманд бўлган оила кейинги куни гўё икки бош йирик шохли мол, тўртта қўй ва бошқа мол-мулкка эга бўлиб қолади. Одам шунча вақтда бой бўлмаган бўлса, бир кунда бу мол-мулк қаердан пайдо бўлади?» – дейди мурожаат муаллифи.
Унинг таъкидлашича, айрим маҳаллаларда бир нечта, ҳатто ўнлаб оилалар шундай вазиятга дуч келган бўлиши мумкин.
«ИШСИЗ ОДАМ БИР КУНДА ИШЛОВЧИ БЎЛИБ ҚОЛЯПТИ»
Мурожаатда яна бир жиддий ҳолат тилга олинади.
Фуқаронинг даъвосига кўра, нафақа олаётган оилаларни ижтимоий реестрдан чиқариш учун уларнинг айрим аъзолари «норасмий банд» ёки ишловчи сифатида қайд этилаётган ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин.
«Амалда иш топишнинг ўзи қийин. Аммо ҳужжатларда бир оиланинг бир нечта аъзоси бирданига ишловчи бўлиб қолади. Ҳатто уч ёшга тўлмаган фарзанди бор она ҳам банд қилиб кўрсатилади», – дейилади мурожаатда.
Мурожаат муаллифи Оўртадара маҳалла фуқаролар йиғини ва Қамаши туманидаги ижтимоий хизматлар тизими фаолиятини юқори турувчи ташкилотлар томонидан текширишни талаб қилмоқда.
У юқори турувчи идоралар ушбу масалани алоҳида оилаларнинг шикояти сифатида эмас, балки эҳтиёжманд фуқароларнинг ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқига дахлдор тизимли муаммо сифатида ўрганишини сўрамоқда.
Элтузар мурожаатда келтирилган даъволарни ҳозирча мустақил тасдиқлаган эмас. Таҳририят Қамаши тумани мутасаддилари, Қашқадарё вилоятидаги тегишли идоралар ҳамда ижтимоий ҳимоя тизими масъулларининг муносабатини эшитиш ва тўлиқ эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг