Cурхондарёда мактаб директори 2 миллион сўм пора олгани учун тўрт йилга қамалди. ИИВ вазирининг ўринбосари 200 миллиард сўм талон-торож қилди, етказилган зарарни тўлади ва озодликка чиқди.

2 миллион сўм пора олсангиз – тўрт йилга қамаласиз. 200 миллиардни “айлантириб”, кейин қайтарсангиз – уйингизга қайтасиз.

Қиссадан ҳисса шуки, кам олиш хатарли, кўп олиш “режа” билан бўлса хавфсизроқ.

Аммо бу ерда гап фақат икки инсон тақдири ҳақида бормаяпти. Бу – Ўзбекистонда жазо механизми ишлаётгани ва адолат мезони қандай ўлчанаётгани ҳақидаги масала.

Нега кичик сумма учун реал қамоқ жазоси қўлланади, катта миқдордаги талон-торож эса зарарни қоплаш билан “ёпилади”?

Зарарни қайтариш албатта муҳим. Лекин у жиноятнинг ўзига берилган баҳони алмаштириши керакми?

Бу ҳолат жамиятда икки хил қоида бордек тасаввур уйғотмайдими? Биринчиси, кичик хатолар учун қатъий жазо; иккинчиси, катта қонунбузарликлар учун “компенсация имконияти”.

Хўш, адолат тарозиси барча учун бир хил ишлаяптими? Жавоб эса фақат рақамларда эмас, ишончда. Ишонч эса осон қурилмайди – лекин тез йўқолади.