Нафақадагиларнинг катта қисми 800 минг сўм пенсия билан яшаяпти. Бу пул баъзан ҳатто дорисига ҳам етмайди. Пенсионер бозорда ҳар сўмни санайди, дорихонада эса қайси дорини олмаслик ҳақида ўйлашга мажбур бўлади. Давлат амалдорлари учун эса бу маблағ, эҳтимол, бир жуфт пайпоқнинг ҳам пули бўлмаса.

Улар кийган костюм, таққан соат, минган машина ва яшайдиган ҳашаматли уйларни оддий одам бир умр меҳнат қилиб ҳам тополмайди. Халқ эса ҳалигача лой кўчаларда юради. Қишлоқларда эски электр симлари, сувсизлик, йўлсизлик муаммоси ҳал бўлмай келяпти. Одамларнинг дардини эшитадиган, муаммосини ҳал қиладиган одам эса топилмайди.

Бир ҳоким ёрдамчисининг уйидан 3 миллион доллар чиқади. Бир ҳоким фермерни тепкилайди. Бир корхонага иш излаб борган ёш қизга корхона бошлиғи «ишга олишим учун мен билан бир кеча ёт» дейди. Вазир таққан соат эса бир ўқитувчининг ўн йиллик маошига тенг. Қонунни ҳимоя қилиши керак бўлганлар миллиардлаб ўғирлайди. Пора олаётиб қўлга тушса, пора бериб озодликка чиқади. Кейин ҳеч нарса бўлмагандек яна ўша тизимда фаолият юритаверади.

Бу қандай адолат? Оддий одам 100 минг сўм қарздор бўлса, эшигини қоқишади. Миллионлар ва миллиардларни ўғирлаганлар эса мансабини ҳам, бойлигини ҳам, таъсирини ҳам сақлаб қолади.

Халққа “сабрли бўлайлик” дейиш осон. Лекин одамларнинг сабри ҳам, ишончи ҳам тугаб бормоқда. Агар давлат халқ учун бўлса, нега халқ шундай аянчли аҳволда яшаяпти?