Сўнгги ўн йилликда жаҳон сиёсатининг энг муҳим тенденцияларидан бири популист ва консерватив сиёсатчилар мандатининг ортаётгани бўлмоқда. Бир вақтлар сиёсий марказ деб ҳисобланган либерал партиялар кўплаб мамлакатларда сайловчиларнинг ишончини йўқота бошлади. Бу жараён АҚШдан тортиб Франция, Италия, Туркияда ҳам кузатилмоқда.

ХАЛҚ ВА ХАЛҚДАН УЗИЛИБ ҚОЛГАН ЭЛИТА

Популизмнинг негизида «оддий халқ» ва «халқдан узилиб қолган элита» орасидаги зиддият ғояси бор. Анъанавий сиёсий партиялар одамларнинг муаммоларини тушунмаяпти. Қонун лойиҳалари халқ манфаатиа зид деган қараш оммалашган. Деярли барча давлатларда иш ҳақининг секин ўсиши, инфляция, уй-жой нархларининг ошиши ва ижтимоий тенгсизлик ортиши фонида «система халққа қарши» деган кайфият кучайди.

2008 йилги молиявий инқироздан кейин ҳукуматларга нисбаиан ишонч жиддий заифлашди. Ривожланган мамлакатлар бор кучини банкларни қутқаришга сафарбар этди. Оддий аҳолининг турмуш даражаси эса кўп жойларда кутилганидек тикланмади.

Шу фонда сиёсий риторика ўзгариб, номзодлар ўзини “тизимга қарши халқ вакили” сифатида тақдим эта бошлади. Улар мураккаб иқтисодий муаммоларни содда ва ҳиссиётларни жумбушга келтирадиган оҳангда тушунтирди. Шу зайил, Ғарбда консерватор популистлар, бизнинг Шарқимизда диний воизлар омма эътиборини жалб қила бошлади.

МОЙИЛЛИК САБАБИ ФАҚАТ ИҚТИСОДМИ?

Сиёсий таҳлилчилар фикрича, консерватив кайфиятнинг ўсиши иқтисоддан ташқари маданий омиллар билан боғлиқ. Глобаллашув, миграция, интернет маданияти ва ижтимоий қадриятлардаги туб ўзгаришлар баъзи жамиятларда хавотир уйғотмоқда. Одамлар ўз миллий, диний қадриятлари заифлашаётганидан саросимада. Жамият жадал ўзгаришларга шундай қилиб табиий қаршилик кўрсатади.

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР СИЁСИЙ РИТОРИКАНИ ЎЗГАРТИРДИ

Аввал сиёсий таъсир асосан телевидение ва йирик газеталар орқали амалга ошириларди. Ҳозир эса ижтимоий тармоқлар сиёсий мулоқотни тубдан ўзгартирди.
Популист сиёсатчилар қисқа, ҳиссий ва кескин баёнотлар орқали аудитория эътиборини тез жалб қилади. TikTok, YouTube ва Telegram каби платформаларда мураккаб таҳлилдан кўра содда ва эмоционал хабарлар тезроқ тарқалади.

ЛИБЕРАЛ ДЕМОКРАТИЯ ИНҚИРОЗИ

Популист лидерлар суд мустақиллиги, эркин матбуот ва демократик институтларга босим ўтказиши, ирқлар, миллатлар ва заифлар дискриминациясига йўл очиши мумкин. Лекин бу ҳолатни демократиянинг инқирози эмас, жамият норозилигининг очиқ ифодаси деб аташ ҳам мумкин. Ҳар нима бўлганда ҳам популизм элиталарни халқ муаммоларига жиддийроқ қарашга мажбур қилмоқда.

ИСТИҚБОЛДА БИЗНИ НИМА КУТАДИ?

Ҳозирча бир нарса аниқ – сиёсатдаги эски мувозанат ўзгармоқда. Совуқ урушдан кейин шаклланган либерал глобал тартиб аввалгидек мутлақ устун эмас. Миллий манфаат, иқтисодий ҳимоя ва миллий ўзлик масалалари яна сиёсат марказига қайтмоқда.
Бу тенденция вақтинчаликми ёки янги сиёсий давр бошланишими? Ҳозирча хулосалар мужмал. бу савол ҳали очиқ қолмоқда. Дунё бўйлаб миллионлаб-миллиардлаб сайловчилар халқни эшитадиган, хавотирларини очиқ тилга оладиган ва қатъий позицияга эга сиёсатчиларни маъқул кўришяпти. Бу танлов бизни қаерга элтади? Цезар давридаги Рим шарафигами ёки учинчи рейх юзтубанлигига? Савол очиқ.