ЭРОН ҲУРМУЗ БЎҒОЗИНИ ЁПГАНИНИ ЭЪЛОН ҚИЛДИ
Эрон Форс кўрфазидаги бир қатор АҚШ базаларига зарба бергани ва жаҳон нефть савдоси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга Ҳурмуз бўғозини яна ёпганини маълум қилди. Бу АҚШ–Эрон ўртасидаги вақтинчалик келишув тақдирини янада ноаниқлаштирди.
АҚШ ва Эрон кучлари якшанба куни оғир ракета ҳамда дрон зарбалари билан алмашди. Теҳрон Форс кўрфазидаги бир қатор давлатларда жойлашган АҚШ ҳарбий объектларини нишонга олганини билдириб, жаҳон энергетика савдоси учун муҳим бўлган Ҳурмуз бўғозини яна ёпганини маълум қилди.
Reuters хабарига кўра, бу зарбалар сўнгги вақтларда давом этаётган ҳужум ва жавоб ҳужумлари занжирининг навбатдаги босқичи бўлди. Бироқ бу галги ҳужумлар суръати, кўлами ва географик қамрови жиҳатидан аввалгиларидан кучлироқ бўлган.
Эрон зарбалари апрель ойидан буён ҳужумга учрамаган ва АҚШ–Эрон музокараларида воситачилик қилиб келаётган Қатарга ҳам етди. Бирлашган Араб Амирликлари эса май ойи бошидан бери илк бор Эрон ракета ва дронларига қарши ҳаво мудофаа тизимларини ишга туширганини билдирди.
Якшанба куни Эрон оммавий ахборот воситалари Бандар-Аббос порти ва унга яқин Қешм ороли атрофида портлашлар юз берганини хабар қилди. Бандар-Аббос Ҳурмуз бўғози яқинида жойлашган бўлиб, у ерда ҳарбий объектлар ҳам бор. Шу пайтда АҚШ Эронга янги зарбалар бергани, Теҳрон эса Қувайтдаги объектларни нишонга олгани айтилди.
Янги тўқнашувлар АҚШ ва Эрон ўртасида ўтган ой имзоланган вақтинчалик келишув тақдирини янада мавҳумлаштирди. Ушбу келишув Ҳурмуз бўғозини қайта очиш ва 60 кунлик музокаралардан сўнг урушни тугатишни назарда тутган эди.
АҚШ президенти Доналд Трамп сўнгги ҳафтада сулҳни тугаган деб ҳисоблашини айтди, бироқ янги музокаралар имконини бутунлай рад этмади.
Reuters’га кўра, АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга қарши бошлаган уруш Форс кўрфазидаги вазиятни кескинлаштирган. Эрон АҚШ базалари жойлашган давлатларга зарба берган, Ҳурмуз бўғозидаги ҳаракатни чеклаши эса нефть ва газ нархларининг ошишига ҳамда жаҳон инфляциясининг кучайишига олиб келган.
Айниқса бензин нархларининг кўтарилиши ноябрь ойидаги Конгресс сайловлари олдидан Трамп учун сиёсий жиҳатдан сезгир масала ҳисобланади.
ЭРОН КЕМАЛАРДАН ТЎЛОВ УНДИРМОҚЧИ
Урушдан аввал жаҳондаги нефть ва суюлтирилган табиий газ ташувларининг қарийб бешдан бир қисми Ҳурмуз бўғози орқали амалга ошириларди.
Эрон бўғоздан ўтувчи кемалардан доимий тўлов ундириш тизимини жорий этмоқчи эканини билдириб, ўз рухсатисиз ҳаракатланган кемаларни огоҳлантирган.
Теҳрон шанба куни рухсат этилмаган йўналишда ҳаракатланган кемага огоҳлантирувчи ўқ узилгани ва шундан сўнг бўғоз ёпилганини маълум қилди. Якшанба куни эса иккинчи кема ҳам ишдан чиқарилганини билдирди.
Ҳиндистон GFS Galaxy контейнер кемасига Уммон соҳиллари яқинида қилинган ҳужумдан кейин бир фуқароси бедарак йўқолганини маълум қилди. Уммон расмийларига кўра, кемадаги 23 нафар экипаж аъзоси қутқарилган.
Қатар барча кемаларга, жумладан, дам олиш ва балиқ овлаш қайиқларига денгиздаги фаолиятни вақтинча тўхтатишни тавсия қилди.
Эроннинг Форс кўрфази бўғози маъмурияти АҚШ ҳарбий кучларининг минтақадаги “ноқонуний ҳаракатлари” туфайли бўғоздан ўтиш ҳозирча имконсиз эканини билдирди. Рухсатномалар вазият барқарорлашгач берилиши айтилди.
АҚШ эса Эрон бўғозни назорат қилмаётгани ва кема ҳаракати давом этаётганини таъкидлади.
“Эрон бўғозни назорат қилмайди. Ҳаракат давом этмоқда”, — дейилади АҚШ баёнотида.
АҚШ 300 ДАН ОРТИҚ НИШОНГА ЗАРБА БЕРГАН
АҚШ Марказий қўмондонлиги Америка кучлари шанба куни Эрондаги 140 та ҳарбий нишонга зарба берганини маълум қилди. Қўмондонликка кўра, уч кеча давомида жами 300 дан ортиқ нишонга ҳужум қилинган.
Эрон давлат оммавий ахборот воситалари бир неча порт шаҳарларида портлашлар юз берганини ва армия офицерларидан бири ҳалок бўлганини хабар қилди.
Эрон Инқилоб посбонлари қўшини эса Иорданиядаги қўмондонлик маркази ва дрон ангарларини, Қувайтдаги АҚШ радарлари ва ракета тизимларини, Уммондаги авианосецларга хизмат кўрсатиш платформаларини ҳамда Қатардаги ҳарбий объектларни нишонга олганини билдирди.
Қатар ҳужум оқибатида уч киши, жумладан, бир бола жароҳатланганини маълум қилиб, Эронни “тўлиқ ҳуқуқий жавобгар” деб атади.
БАА ракета таҳдидларини аниқлаганини, Баҳрайн бир нечта ҳаво ҳужумини қайтарганини, Иордания ракета зарбаларига учраганини, Уммон эса дронлар билан нишонга олинганини билдирди. Қувайтда нефть бурғилаш платформасига қилинган ҳужум оқибатида бир ишчи жароҳатланган.
Янги зарбалардан олдин Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий Уммон ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусаидий билан музокара ўтказган эди. Томонлар Ҳурмуз бўғозидаги вазиятни муҳокама қилган, кейинги музокараларда Қатар ҳам иштирок этиши кутилган.
Эроннинг бош музокарачиси Муҳаммад Боқир Қолибоф эса X тармоғида: “Бир томонлама келишувлар даври тугади. Сўзингизда туринг ёки бадалини тўланг”, деб ёзди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг