Империялар ҳар доим улкан ҳажм шайдоси бўлади. Катта заводлар. Катта каналлар. Катта гидроэлектростанциялар. Совет Иттифоқи ҳам шундай эди. Аммо у қурган ҳар бир катта нарсанинг соясида минглаб инсон тақдирлари эзилиб ётарди.

Индустриализация деб аталган жараён китобларда тараққиёт сифатида талқин қилинади. Саноатлашамиз дея деҳқоннинг ери тортиб олинди. Унинг мол-ҳоли давлатники деб эълон қилинди. Қаршилик қилган одам “қулоқ” деб аталиб, қишлоқдан ҳайдалди.

Шундан кейин очлик келди. Очилган эшиклар ортида эмас, ёпилган омборлар ортида. Одамлар нон тополмай юрган пайтда вагон-вагон дон олиб чиқиб кетилди. Қишлоқларда болалар очликдан шишиб ўлди. Оналар эса рангпар боласининг юзига қараб, унинг эртагагача яшамаслигини биларди. Газета бу ҳақда ёзмасди. Газетада ҳосил, режа ва ғалаба ҳақида мақолалар чиқарди.

Совет тузумининг вахшийлиги ҳам шунда эди: бу мамлакат одамларни фақат азобга солмасди, азобни инкор этарди. У одамнинг ҳаёти билан бирга ҳақиқатни ҳам тортиб оларди.

“Халқлар дўстлиги” деган гап ҳам худди шундай чиройли, аммо бадандпарвоз шиор эди. Қандай дўстлик бу? Дўст миллатни бир кечада вагонга солиб жўнатиш мумкинми? Сургун қилинган қрим татарлари, чеченлар, ингушлар, корейслар, немисларнинг айби нима эди? Улар шунчаки нотўғри жойда, нотўғри миллат бўлиб туғилган.

Вагон эшиги ёпилади. Ичида қари ҳам бор, чақалоқ ҳам. Бир челак сув. Бироз нон. Қаерга кетаётганини ҳеч ким билмайди. Поезд қўзғалди. Ортда қолган юрт эса секин-аста кўздан ғойиб бўлади.

Инсон учун энг оғир азоблардан бири ўз уйидан айрилишдир. Совет давлати эса бу азобни миллионлаб одамларга раво кўрди. Ўзбекистон ҳам бу ҳикоядан четда қолмаган.

Бизнинг шаҳарларимизда ҳам қизил байроқларга бурканди. Бизнинг мактабларда ҳам Ленин ҳақида шеър ўқилди. Бизнинг болалар ҳам “бахтли совет боласи” бўлиб улғайди. Аммо бу ер ҳам империянинг  омбори эди.

Ўзбекистонга бир вазифа берилганди: пахта етиштириш. Кўпроқ. Яна кўпроқ. Яна ҳам кўпроқ.

Шунинг учун дарёлар ўзани бурилди. Ерлар шўрланди. Қишлоқлар бир маҳсулотга боғлаб қўйилди. Пахта учун сув керак. Пахта Оролни қуритди.

Совет Иттифоқи ҳақида гап кетганда яна бир фикр тез-тез айтилади: “Ҳамма тенг эди”. Йўқ. Ҳамма тенг эмасди. Ҳамманинг танқислиги бир хил эди, холос. Оддий одам соатлаб навбатда турарди. Колбаса учун. Этик учун. Кир ювиш машинаси учун. Автомобилни эса йиллаб кутардингиз.

Аммо партия амалдорлари бошқа дунёда яшарди. Улар учун махсус дўконлар, алоҳида шифохоналар бор эди. Махсус уйлар, махсус машиналар, махсус имкониятлар бор эди. Тенглик ҳақида энг кўп гапирган давлатнинг ўзи энг катта тенгсизликни яшириб яшади. Шундай бўлса ҳам, бугун кимдир ўша даврни соғиниши мумкин. Бу табиий.

Чунки инсон кўпинча давлатни эмас, ўзининг ёшлигини соғинади. У пломбирнинг нархини эмас, уни еб турган пайтида ҳаёт осонроқ туюлганини эслайди. Бепул мактабни эмас, ўша пайтда онаси тирик бўлганини, отаси кечқурун уйга қайтганини, ҳали ҳеч ким ўлмаганини, ҳали ҳеч нарса йўқотилмаганини қумсайди.

Аммо биз миллат сифатида хотирани эҳтиёт қилишимиз керак. Чунки хотира баъзан ёлғонга хизмат қилиши мумкин.

Агар биз СССРни фақат арзон пломбир билан эсласак, лагерда музлаб ўлган одамни унутамиз. Фақат “бепул” тиббиётни эсласак, сургунда ўлган болани унутамиз. Агар фақат тартибни эсласак, қўрқувни унутамиз. Тарих эса унутилган нарсаларнинг қасосидир.

Бир кун келиб, эсламаслик яна ўша хатоларни қайтаришга олиб келади. Шунинг учун СССР ҳақидаги ҳар қандай суҳбат пломбирдан эмас, инсон тақдиридан, эркидан бошланиши керак.

Давлат қандай бўлмасин, агар у инсонни қўрқувда яшашга мажбур қилса, ҳақиқатни яширса, инсоннинг тақдирини “режа” учун қурбон қилса, у ҳеч қачон яхши макон бўла олмайди.

Арзон пломбир дуруст, лекин у эрк кирасига арзимайди. Қўрқувда яшаб, инсон бўлиб қолиш қийин.