ҚАШҚАДАРЁДА ЭЛЕКТРИКЛАРНИНГ ХАЁТИ САРИҚ ЧАҚАГА ҚИММАТМИ?
Қашқадарёда магистрал электр тармоқларида ишловчи подстанция навбатчилари маошнинг тўлиқ 24 соатга эмас, 18 соатга ҳисобланаётгани, тунги сменадаги хавф ва ҳимоя воситалари етишмаслигидан норози. Уларнинг фикрича, инсон ҳаёти ва меҳнати қадрланмаяпти.
Қашқадарё магистрал электр тармоқларида хизмат қилаётган подстанция навбатчилари ойлик маошлари пастлигидан шикоятчи.
Ходимлар смена асосида, яъни 24 соатлик навбатчиликда ишлашади. Лекин иш ҳақи тўлиқ 24 соатга эмас, 18 соатга ҳисобланмоқда. Чарчаган ходимларга раҳбарият “кечаси 6 соат дам олиш ҳуқуқингиз бор” деган тушунтириш беради.
Ҳақиқатан ҳам кечаси дам олиш ҳуқуқи мавжуд бўлса, нима учун тунги вақтда подстанциялар текширилади ва мудраб қолган навбатчиларга жазо чоралари қўлланилади?
6 соатлик дам олиш пайтида авария ёки носозлик юз берганда, ходимлар дам олаётган бўлса ҳам, барибир ишга чақирилади.
“Агар тунги вақтда авария вақтида ишлаб турган ходим бахтсиз ҳодисага учраса, бу ҳолат кимнинг зиммасига тушади? У ўз хоҳиши билан ишлаган деб айтиладими?” — дейди навбатчилар.
Ходимларнинг таъкидлашича, 110/35/10 кВли юқори кучланишли подстанцияларда ишлаш учун зарур ҳимоя воситалари тўлиқ таъминланмаган. Инсон ҳаёти хавф остида қоляпти.
“Биз ўз мажбуриятимизни бажаряпмиз, аммо бизнинг ҳуқуқларимизни ким ҳимоя қилади?” – дейди ходимлар. Уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш раҳбариятни ташвишлантирмайди. Муҳими, муаммони айтганни тезда топиб, овозини ўчириш керак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг