ТАДҚИҚОТНИ ДАВЛАТ ОММАЛАШТИРМАСА, ДИССЕРТАНТ НИМА ҚИЛА ОЛАДИ?
Педагогика бўйича диссертациялар нега амалиётга жорий этилмаяпти? Муаллиф вазирликлар, малака ошириш тизими ва билимларни оммалаштиришдаги муаммолар ҳақида гапириб, тадқиқотчи ёлғиз нима қила олишини сўроқ қилади.
«Каримов президентлиги даврида бирор вазир, ҳатто Бош вазирни телевизорда кўрмасдик. Овози қандайлигини билмасдик. Худди бош вазир Каримовни ағдариб юборадигандкек, қўрқув ва ҳадик билан экранлардан четлаштириларди. Ҳозир таълим соҳасида ҳам раҳбарлар ақлли одамдан шайтондан қўрққаедек қўрқади, ҳазар қилади. Ақлли одамга сўз берсам, ишини оммалаштирсам, мендан ўзиб жойимни эгаллаб олади деб қўрқишади. Педагогика соҳасида қанча илмий тадқиқотлар якунланган, миллий контекстда самараси аниқ бўлса ҳам, аллақандай бегона фин услуби деб бонг уриб юрибмиз…»
Ҳурматли Элтузар! Ҳар икки «ақлли»дан биттаси илмий иш ҳимоя қилганларни эрмакка айлантиряпти. Тўртта-бешта бемаъни автореферат номини кўриб олиб ҳаммани бир қопга солиб тепкилашади. Шахсан ўзим билганим, педагогика соҳасидаги илмий ишларни ёмонламаган одам қолмади. Лекин вазиятга бошқа нуқтаи назардан ҳам қарайлик.
Таълим вазирликлари бизнинг ишланмаларни тарғиб қилмаса, муайян тадқиқот мавзуларига буюртма бермаса, ҳатто дарсликлар ёзишда ҳам кланга айланган гуруҳлар етакчи бўлса, диссертант тадқиқотчи нимани ўзгартира олади? Нимага кучи етади?
Мен ҳам тадқиқотчиман, олимман дейишга анча эрта. Ҳали тадқиқотчиман, фан доктори диссертациямни ёқлаганимга уч йилдан ошди. Миллий университетдаги малака оширишдан янги билим, замонавий педагогик ёндашувлар ва инновацион технологияларни ўрганиб қайтаман, деган умидда ўқишга бордим. Аммо кўрганларим менда бошқача хулоса шакллантирди.
Сўнгги вақтларда педагогика соҳасидаги илмий тадқиқотлар танқид қилинаётгани ҳақида кўп гапирилмоқда. Лекин бир савол туғилади – педагогика бўйича амалга оширилган илмий ишланмалар, янги методикалар ва технологияларни амалиётга жорий этиш учун вазирликлар, бошқармалар нима қилди? Улар қанчалик оммалаштирилди?
Малака ошириш жараёнида йиллар олдин ҳам қўлланилган БББ жадвали каби усуллар яна такрорланди. Бу метод ўз вақтида фойдали бўлганини ҳеч ким инкор этмайди. Аммо бугун сунъий интеллект технологиялари жадал ривожланаётган, рақамли таълим янги босқичга чиққан, Z-авлод мутлақо бошқача фикрлайдиган бир пайтда малака ошириш дастурлари ҳам шунга мос бўлиши керак эмасми?
Ўқитувчи малака оширишга эски билимларни такрорлаш учун эмас, эртанги кун дарсида қўллайдиган янги ғоя ва технологияларни ўрганиш учун боради. Агар курсларда ўн йиллар аввалги материаллар такрорланаверса, бундай тизим таълим сифатини қандай оширади?
Яна бир масала. Педагогика соҳасини танқид қилишдан олдин мактабларга бориб, айниқса иш фаолиятини энди бошлаган ёш ўқитувчиларнинг дарсларини кузатиш керак. Айниқса, мутахассислик фанини яхши билган, аммо педагогик маҳорат етишмайдиган ўқитувчилар билан суҳбатлашилса, педагогика фани ва педагогик тайёргарликнинг аҳамияти янада яққол намоён бўлади.
Педагогик маҳорат — бу фақат назария эмас. Бу синфни бошқариш, ўқувчини қизиқтира олиш, дарсни режалаштириш, мотивация бериш, баҳолаш ва энг муҳими, билимни етказиш санъатидир. Замонавий таълим айнан шу компетенцияларни талаб қилмоқда.
Шунинг учун педагогика соҳасидаги илмий тадқиқотларни қисқартириш ёки уларни аҳамиятсиз деб баҳолашдан олдин, уларнинг амалиётга жорий этилиши, оммалаштирилиши ва самарадорлигини таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Тадқиқотчиларни эрмак қилиб ерга уравермайлик, илмни таълим тизимига олиб кириш керак. Бугунги ўқитувчига кечаги эмас, эртанги кун технологиялари керак. Таълим тизими ҳам айнан шу эҳтиёжга жавоб бериши лозим.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг