Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси – МТРК тизимида иш муҳити, ижодкорларга муносабат ва ички назорат амалиёти юзасидан норозилик кучайиб бораётгани ҳақида Элтузар таҳририятига мурожаат келиб тушди.

Мурожаат муаллифларининг иддаосига кўра, сўнгги вақтларда телеканалларда ижодий жараёндан кўра ҳисобот, йиғилиш, текширув ва турли тақдимотларга кўпроқ вақт сарфланмоқда. Айрим ходимлар эса кучайган ички назорат ижодкорларнинг асосий вазифаси – сифатли телевизион маҳсулот тайёрлашга халал бераётганини таъкидламоқда.

Мурожаатда айтилишича, бу жараёнга МТРКнинг коррупцияга қарши ички назорат -комплаенс бўлими ҳам фаол жалб қилинган.

Ходимларнинг даъво қилишича, айрим журналист ва муҳаррирлар қанча қалам ҳақи олгани, нима учун бошқаларга нисбатан кўпроқ гонорар тўлангани ва ижодий ишларга ажратилган маблағлар юзасидан узоқ вақт давомида савол-жавоб қилинмоқда.

Айрим ҳолатларда бундай суҳбатлар бир неча соатга чўзилаётгани айтилмоқда.

Мурожаат муаллифлари яна бир жиддий даъвони илгари сурмоқда: уларнинг сўзларига кўра, айрим ходимлардан ҳамкасблари ва жамоадаги ички жараёнлар ҳақида маълумот етказиб туриш сўралган.

Мурожаатда МТРКдаги меҳнат ҳақи ва бошқарув харажатлари масаласи ҳам кўтарилган.

Муаллифлар оддий ходимларнинг маоши ва қалам ҳақи устидан батафсил назорат ўрнатилган бир пайтда, юқори лавозимдаги раҳбарларнинг меҳнат ҳақи, устама ва бошқа тўловлари жамоатчилик учун қанчалик очиқ экани ҳақида савол қўймоқда.

«Оддий ходим ҳар бир олган гонорари учун ҳисоб берса, юқори раҳбариятнинг харажатлари ва даромадлари устидан қандай назорат бор?» – деган мазмунда савол қўйилган мурожаатда.

МТРК тизимида рақамли платформалар орқали даромад олиш масаласи ҳам ходимлар орасида муҳокама қилинмоқда.

Мурожаат муаллифларига кўра, компания раҳбарияти ижодкорлар тайёрлаётган маҳсулотларни ижтимоий тармоқлар, жумладан YouTube орқали монетизация қилишга катта эътибор қаратмоқда.

Хатда МТРКнинг YouTube орқали олган даромади юз минглаб долларга етгани ҳақида рақамлар келтирилган. Бироқ Элтузар бу рақамларни мустақил равишда тасдиқлай олмади.

Ходимлар эса рақамли платформалардан тушадиган даромадни ошириш талаби таҳририятларга қўшимча босим сифатида тушаётганини даъво қилмоқда.

«ҲАР БИР ЛОЙИҲАГА ПРЕЗЕНТАЦИЯ»

Мурожаатдаги яна бир эътироз МТРКда жорий этилаётган тақдимотлар тизимига тааллуқли.

Ходимларнинг айтишича, энди бош муҳаррирлар билан бир қаторда оддий муҳаррирлар ҳам ўз лойиҳаларини мунтазам равишда тақдим қилиши ва улар бўйича ҳисобот бериши талаб қилинмоқда.

Мурожаат муаллифлари бу тартибнинг самарадорлигини савол остига қўймоқда.

Уларнинг фикрича, агар телеканаллардаги кўплаб мавзулар ва лойиҳалар юқоридан белгиланган ахборот сиёсати ва топшириқлар асосида тайёрланаётган бўлса, ижодкорлардан яна алоҳида тақдимот талаб қилиниши ортиқча бюрократик юкка айланиши мумкин.

Шу билан бирга, лойиҳаларни муҳокама қилиш ва таҳририй режалаштиришнинг ўзи журналистикада одатий жараён ҳисобланади. Масала, ходимлар таъкидлаётганидек, бундай назорат қай даражада ва қандай усулда амалга оширилаётганида.

ПРЕЗИДЕНТ АДМИНИСТРАЦИЯСИГА МУРОЖААТ ТАЙЁРЛАНМОҚДАМИ?

Элтузарга келган хатда бир гуруҳ МТРК ходимлари тизимдаги иш муҳити, ички назорат ва раҳбарият услубидан норози бўлиб, Президент администрациясига мурожаат қилиш имкониятини муҳокама қилаётгани ҳам айтилган.

Ходимларнинг норозилиги ҳақидаги мурожаат яна бир катта масалани ўртага қўймоқда: миллий телевидениеда ижодий мустақиллик учун қанча майдон қолган?

Мурожаат муаллифларининг фикрича, ортиқча ички назорат, «қизил чизиқлар» ва юқоридан келадиган топшириқлар журналистларни жамиятдаги ҳақиқий ижтимоий муаммоларни эркин кўтаришдан тиймоқда.

Натижада энг катта йўқотишни оддий томошабин кўриши мумкин.

Чунки миллий телевидениенинг вазифаси фақат расмий тадбирларни ёритиш ёки раҳбарият топшириқларини бажариш эмас. У жамиятдаги муаммоларни кўрсатиши, турли фикрларга майдон бериши ва одамларни қизиқтираётган саволларга жавоб излаши ҳам керак.

Элтузар МТРК раҳбариятининг ушбу мурожаатда келтирилган даъволар бўйича муносабатини ҳам эшитишга тайёр.

Хусусан, таҳририят учун қуйидаги саволларга жавоб муҳим: комплаенс бўлими ходимларни қандай асосда ва қандай тартибда сўроқ қилади, қалам ҳақи ва гонорарлар устидан назорат қандай амалга оширилади, янги презентация тизими нима мақсадда жорий этилган ва МТРКнинг рақамли платформалардан олаётган даромадлари қандай тақсимланади?

МТРК ушбу саволларга жавоб берса, Элтузар уни ҳам тўлиқ ёритишга тайёр.