Тошкент вилояти Педагогик маҳорат маркази ходимлари номидан Элтузарга йўлланган мурожаатда методист Хожабекова Сурайёнинг ишга қатнови, хизмат сафарлари ва унга тўлангани айтилган 100 фоизлик устамани текшириш сўралган. Хат муаллифлари бу масалани аввал ҳам раҳбарият олдида кўтарганини, аммо ҳозиргача ҳужжатларга таянган жавоб олмаганини айтмоқда.

Мурожаатчиларнинг даъвосича, Хожабекова қарийб бир йил ишга келмаган, шу даврда маош, 100 фоизлик устама ва илмий даражаси учун қўшимча ҳақ олиб келган. Элтузар бу даъволарни иш вақти табеллари, хизмат сафари буйруқлари ва тўлов ҳужжатлари асосида мустақил тасдиқлай олмади.

Мурожаатчиларнинг айтишича, марказ директори Тимур Калмуратов методистлар билан суҳбатда Хожабекованинг иш жойида бўлмаганини хизмат сафарлари билан изоҳлаган.

Хат муаллифлари сафарлар қайси буйруқлар билан, қанча муддатга ва қандай вазифалар учун расмийлаштирилгани, уларнинг натижалари бўйича ҳисоботлар бор-йўқлигини сўрамоқда. Калмуратовнинг директор этиб тайинланганини Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси эълон қилган.

Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимовга қаратилган мурожаатда уч масалага ҳужжатлар асосида жавоб сўралган:

  • Иш вақти. Хожабекованинг иш кунлари ва хизмат сафарлари табелда қандай қайд этилган?
  • Устама ва қўшимча ҳақ. 100 фоизлик устама тайинланганми? Тайинланган бўлса, уни ким, қачон ва қайси буйруқ, мезон ҳамда иш натижалари асосида тасдиқлаган? Илмий даража учун қўшимча ҳақ қандай ҳисобланган?
  • Аввалги мурожаатлар. Улар рўйхатга олинганми, ўрганилганми ва муаллифларига ёзма жавоб берилганми?

Хат муаллифлари кадрлар ва молияга оид эътирозларини юқори ташкилотларга ҳам етказганини айтмоқда. Улар вазирлик тафтиш ўтказмаса, Президент администрациясига мурожаат қилишларини билдирган.

Элтузар вазирлик, марказ раҳбарияти ва Хожабекова Сурайёнинг изоҳларини эълон қилишга тайёр.