Ўзбекистонда бир корхонага 655 миллион доллар зарар етказилгани ҳақида эшитганмисиз? Шунча зарар беш йил ичида етказилса нима деган бўлардингиз? Мавзу қизиқ бўлса, қуйидаги хабаримизни диққат билан ўқиб чиқинг.

“Ўзбекнефтгаз”нинг собиқ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов давлат компанияси мулки ва маблағларини ўзлаштириш мақсадида гуруҳ тузганликда айбланмоқда. Прокуратура версиясига кўра, 2020–2025 йилларда қарийб 2,4 триллион сўм ёки 200 миллион доллар ўзлаштирилган, компанияга етказилган умумий зарар эса 7,8 триллион сўм — қарийб 655 миллион доллар деб баҳоланган.

Сидиқов ва яна саккиз нафар устидан суд Тошкент шаҳри Яшнобод туман жиноят ишлари бўйича судида бўлиб ўтмоқда.

Суд жараёнини ёритган журналистлар маълумотига кўра, ишда давлатнинг йирик нефт-газ активларини хусусий компанияларга ўтказиш, ускуна ва хизматлар нархини ошириш, бажарилмаган ишлар учун пул тўлаш, авансларни қайтармаслик ва қарзларни ундирмаслик билан боғлиқ 19 та эпизод бор.

106 ТА КОН ВА МИЛЛИОНЛАБ ДОЛЛАРЛИК АКТИВЛАР

Айбловнинг асосий эпизодларидан бири Jizzakh Petroleum компаниясидаги 49 фоизлик давлат улушининг SANEG билан боғлиқ Кипрдаги Belvor компаниясига ўтказилишига тааллуқли.

Прокуратурага кўра, 80 миллион доллардан ортиққа баҳоланган улуш 10 миллион долларга берилган, харидор эса яна 71 миллион долларлик тўловни амалга оширмаган.

Яна бир эпизодда SANEGга 106 та нефт-газ кони ўтказилгани текширилмоқда. Терговга кўра, активлар асосланган қийматидан қарийб 90 миллиард сўм арзон сотилган, кейинчалик эса тўлов шартлари ҳам енгиллаштирилган.

ЭНГ КАТТА ЗАРАР — ARK CHEMICAL ЛОЙИҲАСИДА

Ишдаги энг йирик эпизод Шўртан газ-кимё мажмуасини кенгайтириш ва Ark Chemical қўшма корхонасини ташкил этиш билан боғлиқ.

Прокуратурага кўра, “Ўзбекнефтгаз” корхонада 40 фоиз улуш олган, 60 фоизлик хусусий шерик эса зиммасига олган сармояни тўлиқ киритмаган.

Тергов айнан шу эпизод бўйича давлат манфаатларига етказилган зарарни 7,8 триллион сўм деб ҳисобламоқда.

Бундан ташқари, Uzbekistan GTL заводидаги нуқсонларни бартараф этиш, компрессор станциялари қурилиши, бурғилаш, двигател ва қувурлар хариди ҳамда турбина ускуналарини таъмирлашга ажратилган маблағлар ҳам тергов предметига айланган.

СИДИҚОВ АЙБЛОВЛАРНИ РАД ЭТМОҚДА

Баҳодиржон Сидиқов ўзлаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги ва жиноий даромадларни легаллаштиришга оид моддалар билан айбланмоқда.

У ва иш бўйича судланаётган Enter Engineering ҳамда Eriell Management вакиллари айбловларни рад этган.

Сидиқов судда пул ўзлаштирмаганини, баҳсли шартномалар ва активларни ўтказиш бўйича кўп қарорлар ҳукумат кўрсатмалари асосида қабул қилинганини айтган.

Жумладан, у Enter Engineering ўз мажбуриятини бажармаганидан кейин “Ўзбекнефтгаз”нинг Air Products компаниясига 21,8 миллион доллар тўлаши олдидан Президент администрациясини хабардор қилиб, розилик олганини билдирди. Президент администрацияси бу иддаога ҳозирча муносабат билдирмаган.

Сидиқов, шунингдек, Enter Engineering ва Eriell билан боғлиқ айрим масалаларни тадбиркор Бахтиёр Фозилов билан бевосита муҳокама қилганини айтган. Фозилов ушбу жиноят ишида судланувчи эмас.

НЕГА БУ ИШ МУҲИМ?

Ўзбекистонда аҳоли газ ва электр таъминотидаги узилишлардан шикоят қилиб келаётган бир пайтда, давлатнинг стратегик энергетика активлари қандай бошқарилгани ва миллиардлаб маблағлар қаерга сарфлангани жамоатчилик учун принципиал аҳамиятга эга.

Агар прокуратуранинг айбловлари судда исботланса, гап фақат айрим мансабдорларнинг хатти-ҳаракатлари эмас, балки давлат компанияси, хусусий пудратчилар ва йирик энергетика лойиҳаларини қамраб олган анча кенг тизим ҳақида кетиши мумкин.