ЎЗБЕКИСТОН ЖАМОАТ ҲОЖАТХОНАЛАРИНИ ТАРТИБГА СОЛАДИМИ?
Ўзбекистонга 11,6 миллион сайёҳ келаётган бир пайтда туристик ҳудудлар, бозорлар ва вокзаллардаги жамоат ҳожатхоналарининг санитария ҳолати ночорлигича қолмоқда. Мақолада инфратузилма, масъулият ва хизмат маданияти муаммолари танқидий ёритилган.
2026 йилнинг январь–октябрь ойларида Ўзбекистонга 11,6 миллион нафар хорижий сайёҳ келгани хабар қилинди. Туризм ривожланмоқда, меҳмонхоналар қуриляпти, тарихий обидалар таъмирланмоқда, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги жозибадорлигини ошириш учун катта маблағлар сарфланади. Аммо миллионлаб меҳмонларни қабул қилаётган мамлакатимизда ҳанузгача оддий жамоат ҳожатхоналари масаласи тўлиқ ҳал этилмаган.
Туристик ҳудудлар, бозорлар, автовокзаллар, истироҳат боғлари ва аҳоли гавжум жойлардаги ҳожатхоналарнинг санитария ҳолати ачинарли. Ёқимсиз ҳид, ифлослик, сув ва совуннинг йўқлиги, эскирган жиҳозлар одатий манзарага айланган. Айрим жойларда шу расво ҳожатхонани топишнинг ўзи ҳам муаммо.
Муаммо фақат хорижлик сайёҳларга тегишли эмас. Миллионлаб маҳаллий аҳоли ҳам ҳар куни шундай ноқулайликларга дуч келади. Айниқса, аёллар, болалар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун жамоат ҳожатхоналарининг етишмаслиги жиддий муаммо.
Туризмни ривожлантириш фақат сайёҳлар сонини оширишдан иборат эмас. Хизмат кўрсатиш маданияти, санитария, қулайлик ва хавфсизлик ҳам туристик инфратузилманинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Шундай экан, жамоат ҳожатхоналарининг сони, санитария ҳолати, уларни сақлаш ва мунтазам тозалаш учун ким масъул экани жиддий назоратга олиниши керак.
Бунинг учун яна бир улкан дастур, агентлик, ишчи гуруҳ тузинглар, муҳтарамлар. Ҳожатхона комиссияси таркибига таълимдан қувилган мулозимларни бадарға қилиш мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг