МАТБУОТ ЭРКИН ЭМАСМИ ЁКИ ИНСТИТУТЛАР ЗАИФМИ?
Муаллиф Ўзбекистонда матбуот нега ҳали ҳам тўла эркин эмаслигини, институтлар заифлигини, суд ва ҳуқуқ-тартибот мустақил эмаслигини таҳлил қилади.
Ўзбекистонда матбуот эркинлашмаяпти деган фикр кўп айтилмоқда. Лекин масалага яқинроқ қаралса, муаммо алоҳида журналист ёки алоҳида таҳририятда эмас. Муаммо тизимда, аниқроғи институтларда.
Расман ОАВга кенг имкониятлар берилганга ўхшайди. Мисол учун хусусий сайтлар ишлаяпти, блогерларнинг кўпи қамалгани билан қолганлари қалтираб бўлсаям қалам тебратаяпти, айрим танқидий материаллар ҳам чиқяпти. Аммо бу эркинлик барқарор ва давомий эмас, кўпроқ вазиятга қараб ўзгариб турибди. Нима учун?
Биринчидан, суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари мустақил эмас. Журналист учун асосий савол – “мен ҳақманми?” эмас, балки “менга қонунни қандай қўллашади?” бўлиб қоляпти. Ҳаммамиз, Энергетика вазири судган берган блогер Отабек Бакировнинг ҳақ ва айбсиз эканлигини жуда яхши биламиз, аммо суднинг одил ҳукм чиқаришига шубҳа билан қараймиз. Туҳмат, ҳақорат ёки “ёлғон ахборот” каби моддалар аниқ чегара билан белгиланмаган. Шунинг учун журналист ўзини эмас, эҳтимолий жазони ўйлаб ёзади.
Иккинчидан, давлат танқидни институт сифатида қабул қилмаган. Ривожланган тизимларда матбуот ҳокимиятни назорат қиладиган механизм ҳисобланади. Ўзбекистонда эса танқид кўпинча “муаммо кўтариш” эмас, “муаммо чиқариш” деб қабул қилинади. Бу эса журналистдан ҳам, амалдордан ҳам эҳтиёткор бўлишни талаб қилади.
Учинчидан, медиа иқтисодий жиҳатдан мустақил эмас. Реклама бозори чекланган, давлат ахборот ресурслари ва буюртмалари муҳим роль ўйнайди. Молиявий жиҳатдан боғлиқ муҳитда таҳририят тўлиқ мустақил қарор қабул қила олмайди.
Шу сабабли Ўзбекистонда очиқ цензурадан кўра хавфлироқ ҳолат шаклланган – ўзини ўзи цензура қилиш. Журналист нимани ёзиш мумкинлигини эмас, нимани ёзмаслик кераклигини яхши билади.
Хулоса қилиб айтганда матбуот эркинлиги фақат “рухсат бериш” билан пайдо бўлмайди. У мустақил суд, кучли парламент, шаффоф қоидалар ва ҳақиқий сиёсий рақобат бўлганидагина ишлайди. Институтлар ўзгармас экан, матбуотдаги ўзгаришлар ҳам чуқур ва барқарор бўлмайди.
Шундай экан нега институтлар ўзгармаяпти? Институтлар ўзгармаяпти деган саволга “исташмайди ” деб жавоб бериш осон. Аслида эса масала мураккаброқ. Тизимни шу ҳолда сақлаб турган бир нечта ўзаро боғлиқ омиллар бор.
Биринчидан, сиёсий рағбатлар. Амалдаги бошқарув модели қисқа муддатда барқарорлик ва назорат беради. Мустақил суд, кучли парламент ёки эркин матбуот эса қарор қабул қилишни секинлаштиради, хатоларни очиб ташлайди. Бу эса ҳокимиятга ортиқча даҳамаса ҳисобланади. Шунинг учун ислоҳотлар декларатив даражада қолади.
Иккинчидан, кадрлар ва институтционал маданият. Қоидаларни ўзгартиришдан кўра, уларни қўллайдиган одамларни ўзгартириш қийинроқ. Кўп йиллик вертикал бошқарув шароитида амалдорлар “хавфдан қочиш” мантиғи билан ишлайди. Улар учун ташаббус кўрсатиш эмас, хатога йўл қўймаслик устувор бўлади. Бундай муҳитда янги, мустақил институтлар номига бор, амалда эски одатлар билан ишлайди.
Учинчидан, иқтисодий боғлиқлик. Давлат иқтисодиётда катта улушга эга бўлса, бизнес ҳам, медиа ҳам бевосита ёки билвосита давлатга қарам бўлиб қолади. Молиявий мустақиллик бўлмаса, институционал мустақиллик ҳам чекланади.
Тўртинчидан, қоидаларнинг ноаниқлиги. Қонунларда кенг талқин қилинадиган нормалар сақланиб қолади. Бу эса тизимга “мослашувчанлик” беради. Зарур пайтда қаттиқ чора, зарур бўлмаса юмшоқ чора қўлланади.
Бешинчидан, жамоат босими етарли эмас. Фуқаролик жамияти, мустақил уюшмалар ва эркин медиа кучли бўлмаса, институтларни ислоҳ қилиш учун пастдан келадиган талаб суст бўлади. Талаб суст бўлса, юқоридан келадиган ислоҳот ҳам чуқур бўлмайди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг