Ўзбекистонда аҳолини сифациз ва саломатлик учун хавф туғдириши мумкин бўлган маҳсулотлардан ҳимоя қилиш, бозорларда сифат назоратини кучайтириш мақсадида учта замонавий лаборатория ташкил этилади. Тошкент шаҳри, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида фаолият бошлайдиган ушбу лабораториялар орқали мамлакатимизга олиб кирилаётган ҳамда ички бозорда сотилаётган маҳсулотларнинг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари чуқур текширилади.

Мазкур ташаббус маҳсулотлар сифатини назорат қилиш тизимини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Эндиликда истеъмолчилар саломатлигига бевосита таъсир кўрсатадиган озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотларнинг белгиланган стандартларга мувофиқлиги замонавий ускуналар ёрдамида синовдан ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Бу эса сифат талабларига жавоб бермайдиган, таркиби ва хавфсизлиги етарлича текширилмаган маҳсулотларнинг ички бозорга кириб келишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Айтиш жоизки, маҳсулот сифатига нисбатан қатъий талаб ва назорат механизмларини кучайтириш аввалги даврлардаги каби ҳар бир маҳсулотнинг белгиланган меъёр ва стандартларга жавоб беришини таъминлаш масаласини кун тартибига олиб чиқмоқда. Бироқ бугунги ёндашув замонавий лаборатория технологиялари, халқаро стандартлар ва илмий асосланган синов усулларига таянади. Натижада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ҳам соғлом рақобат муҳити шаклланади.

Президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга бир ой муддатда лабораторияларнинг жойлашувини аниқлаш ва уларни келгуси йилда ишга тушириш бўйича топшириқ берди. Ушбу ташаббус, энг аввало, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бозорларда сифатли маҳсулотлар улушини ошириш ҳамда аҳолининг кундалик истеъмолида хавфсизликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.